HUMANS Visa карталарининг ишламай қолишида Octobank'ни айбламоқда

24.09.2024 13:39

227

Humans компанияси Ўзбекистон бўйлаб Humans Visa карталари вақтинча ишламаётганини, бунга карта эмитенти бўлган Octobank айбдор эканини иддао қилмоқда. Компания носозликни бартараф этишда ёрдам сўраб Visa халқаро тўлов тизимига мурожаат қилган, шунингдек, ҳодиса ва унинг таъсири ҳақида Марказий банкни расман хабардор қилишни режалаштирган.

Фото: Газета.уз

23 сентябрь куни Humans Visa карталари билан узилишлар юз бераётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълум бўлишича, мазкур карталар бутун Ўзбекистон бўйлаб вақтинча ишламаяпти. Бу ҳақда Humans компанияси мазкур ҳолат бўйича мурожаатида хабар берди.

"Афсуски, ҳамкоримиз ─ "Octobank" АЖ томонидаги техник муаммолар туфайли Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида Humans Visa банк карталари вақтинча ишламаётганини маълум қилишга мажбурмиз. Ушбу носозлик сабабли Humans Visa банк карталари билан онлайн дўконларда операцияларни амалга ошириш, бутун дунё бўйлаб Visa карталарини қабул қилиш жойларида харидларни тўлаш, пул ўтказиш вақтинча имконсиз", ─ дейилади компания хабарида.

Мурожаатда айтилишича, носозлик 23 сентябрь куни соат 16:13 да қайд этилган. Бир сутка ўтган бўлса-да, Octobank нафақат носозлик сабабларини аниқламаган, балки уни бартараф этиш муддатларига ҳам ҳеч қандай ойдинлик киритмаган.

"Бу Octobank техник тизимидаги, техник ечимининг ишончлилиги ва хавфсизлигидаги жиддий камчиликлардан далолат беради ҳамда Octobank жамоасининг профессионал малакасига шубҳа уйғотади", ─ дейилади мурожаатда.

Humans техник хизмати Octobank томонида "Эмитент мавжуд эмас" хатоси кузатилаётганини қайд этган. Бироқ, Octobank томонидан чиқарилган VISA тўлов тизимининг бошқа карталарида техник муаммолар йўқлиги, қолган карталар бўйича операциялар фойдаланувчилар учун мавжудлиги таъкидланди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги бошқа банкларнинг Visa карталари одатий тартибда ишлашда давом этмоқда.

Бу Octobankнинг техник жиҳатдан заифлигининг тўғридан-тўғри исботидир. Бу нафақат Humans компаниясининг обрўсига ва молиявий аҳволига зарар етказади, балки Visa халқаро тўлов тизимига бўлган ишончга путур етказади. Баъзи мижозларимиз, яъни Humans Visa карта эгалари, хизмат мавжуд бўлмаган пайтда оғир аҳволга тушиб қолишди ва ўз карталаридан фойдалана олмадилар. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги бошқа банкларнинг Visa карталари стандарт режимда ишлашда давом этмоқда. Бу фойдаланувчиларнинг шахсий хавфсизлиги нуқтаи назаридан мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат ва фақат Octobankнинг қобилиятсизлиги туфайли юзага келди.

Humans жамоаси Octobank вакиллари билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг айби билан юзага келган муаммони зудлик билан ҳал қилишни талаб қилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, компания банкдан ушбу вазиятни ҳал қилишнинг аниқ муддатларини тақдим этишда тўлиқ шаффофликни, шунингдек, содир бўлган воқеа сабабларини тушунтиришни талаб қилмоқда. Humans компанияси эса "келгусида мижозларни ҳимоя қилишнинг қўшимча чораларини кўриш ва бундай инқирознинг такрорланиш хавфини камайтириш" мақсадида ҳодисага мустақил баҳо бераётганини хабар қилди.

Биз носозликни бартараф этишда ёрдам ва кўмаклашиш учун Visa халқаро тўлов тизимига мурожаат қилдик, шунингдек, ҳодиса ва унинг таъсири ҳақида Марказий банкни расман хабардор қилишни режалаштирмоқдамиз, дея қайд этилган мурожаатда.
"Humans компанияси ушбу вазият юзасидан чуқур афсусда эканини билдиради ва бу ҳолат мижозлар учун қанчалик ноқулай ва жиддий бўлганини тўлиқ англаб етмоқда. Компания карталарнинг ишлашини имкон қадар тезроқ тиклаш учун барча чораларни кўришда давом этмоқда ҳамда Octobankни мазкур муаммони тезкор ҳал этишга даъват қилмоқда.", ─ деди Humans Group бош директори Владимир Добрйнин.

Теглар:

#Octabank#Humans

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган