Сингапурнинг “Humans Mobile PTE LTD” компанияси билан бошланган арбитраж муҳокамаси бўйича Марказий банк муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, “Humans Mobile PTE LTD” компанияси томонидан Ўзбекистон давлат органлари ва идоралари, шу жумладан Марказий банкига нисбатан арбитраж жараёнларини бошлаш учун 2025 йил 20 майда халқаро марказга ариза киритилган.
Унда Ўзбекистон давлат органлари томонидан 2003 йил 15 июлдаги “Сингапур Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Битимнинг айрим талаблари бузилганлиги билдирилган.
Арбитраж ишини Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро маркази (ICSID) кўриб чиқмоқда. Жавобгар сифатида Адлия вазирлигининг Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси кўрсатилган.
"Даъвогарнинг аризаси халқаро арбитраж маркази томонидан иш юритувига қабул қилиниб ҳозирда арбитраж низосини мазмунан кўриб чиқишга тайёрлаш босқичида эканлиги билдирилган ҳолда, иш жараёнларидан келиб чиқиб қўшимча тафсилотлар бериб борилиши маълум қилинади", дейилади МБ хабарида.
Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добрининнинг Газета.уз нашрига таъкидлашича, арбитраж муҳокамаси "инвесторларни инсофсиз бошқарувдан ҳимоя қилишнинг маданиятли воситаси" сифатида қаралади. Компания бу иш Ўзбекистонда "адолатли ва олдиндан айтиб бўладиган тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлашга" ёрдам беришига умид қилмоқда.
"Биз Ўзбекистонга ва унинг фуқароларига доимо ишонганмиз ва ишонамиз. Президентимиз томонидан иқтисодиётни модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик эркинликларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга чин дилдан қойил қоламиз. Биз тушунамизки, трансформация йўлида эркин бозорни яратиш, очиқликни ошириш ва ўсишни жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни йўққа чиқарадиган рақиблар учрайди. Биз Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги ва амалдорлар зўравонлигисиз ўзгариши тарафдоримиз," дея изоҳ берган Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин.
Маълумот учун, “Мароқанд” АЖ (UPay) тўлов ташкилотида фуқароларнинг пуллари қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматларга (қимор ўйинлари) ўтказилганлиги сабабли, ушбу тўлов ташкилотининг айрим тўлов хизматларини амалга ошириши 2024 йил 25 сентябрдан бошлаб олти ой муддатга чекланган эди. Тўлов ташкилоти фаолиятида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Шунингдек, Humans компанияси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан "O'zbektelecom" телекоммуникация хизматлари операторига нисбатан монополияга қарши иш очишни сўраган.
Spot.uz нашри берган маълумотга кўра, Humans "O'zbektelecom"нинг халқаро маълумотларни узатиш ва халқаро каналларни ижарага олиш бозоридаги устун мавқеини таъкидлаб, давлат компанияси "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасини бузганликда ва монопол юқори нарх белгилаганликда айбламоқда.