Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга ошган

30.05.2025 09:36

514

Ўзбекистонда сўнгги беш йилликда кибержиноятлар 68 баробарга, ўтган йилнинг ўзида эса 2023 йилдагига нисбатан 9,1 баробарга ошган. Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг 1,9 триллион сўмдан ортиқ маблағлари талон-тарож қилинган. Кибержиноятчиликнинг умумий жиноятлардаги улуши 44,4 фоизга етган.

Фото: TACC

Ўзбекистонда сўнгги беш йилликда кибержиноятлар 68 бараварга, ўтган йилнинг ўзида эса 2023 йилдагига нисбатан 9,1 баравар ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказига ташкил қилинган пресс-тур давомида маълум қилинди.

Шунингдек, ўтган даврда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 баравар кўпайган.

Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-тарож қилинган.

2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда 62 турдаги 58 минг 800 та жиноят қайд этилган.

Натижада кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши сезиларли равишда ортган. Хусусан, 2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари орқали содир этилди.

Кибержиноятларнинг асосий қисмини (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ жиноятлар (киберўғрилик ва киберфирибгарлик) ташкил этмоқда.

Кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:

  • 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;
  • 16 фоизи турли алдовлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш йўли билан;
  • 4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;
  • 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;
  • 9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида содир этилмоқда.

Юқорида келтирилган таҳлиллар ва статистик маълумотлар асосида ахборот-коммуникация технологияларининг кенг тарқалиши ва реал вақт режимида чексиз ахборот алмашинуви имкониятлари ортиб бориши шароитида кибержиноятлар мураккаб трансмиллий муаммога айланиб бораётганини кўриш мумкин.

Мазкур турдаги жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича фуқароларнинг замонавий кибертаҳдидлардан огоҳликни ва рақамли саводхонлигини ошириш ҳар қачонгидан муҳим эканлиги ҳақида мутахассислар томонидан пресс-турда қатнашган журналистлар учун маълумотлар тақдим этилди.Ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ва блогерлар тизим фаолияти ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойида Президент раислигида ўтказилган йиғилишда киберхавфсизлик масаласи долзарб бўлиб бораётганлиги айтилганди.

Шунингдек, яқинда “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-153-сон, 30.04.2025 й.) қабул қилинганди.

Теглар:

#кибержиноят#киберхавфсизлик#киберфирибгарлик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган