Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми 50 млрд долларга яқинлашди

12.05.2025 12:07

499

Апрель ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 1,4 млрд долларга ошиб, 49,2 млрд долларга етди. Захиралар таркибидаги олтиннинг соф ҳажми камайишда давом этганига қарамай, унинг қиймати 5,5 млрд доллардан кўпроққа ўсди. Қимматли қоғозлар портфели ой давомида 500 млн долларга кўпайди.

Фото: istockphoto

Марказий банк Ўзбекистон олтин валюта захираларининг апрель ойи якунидаги ҳолати бўйича ҳисоботни эълон қилди. Унга кўра, ўтган ой давомида мамлакат захиралари ҳажми март ойига нисбатан 1 млрд 401 млн долларга (+2,93 фоиз) ошиб, 49 млрд 254,8 млн долларга етди ва навбатдаги рекорд кўрсаткични қайд этди.

Инфографика: Марказий банк

Захиралар таркибидаги асосий улуш олтинга тегишли бўлиб, унинг қиймати 37 млрд 652,5 млн долларни ташкил қилмоқда. Олтиннинг соф ҳажми йил бошидан буён 800 минг трой унцияга камайганига қарамай, қиймати 5,5 млрд доллардан кўпроққа ошди.

Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил апрель ойида 1401,0 млн долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 3120,20 доллардан 3284,30 долларгача ошишининг таъсири +1881,3 млн долларни ташкил этди, дея изоҳ берди Ўзбекистон Марказий банки.

Шунингдек, хорижий валютадаги захира активлар 616,87 млн долларга ошиб, 10 млрд 416 млн долларга тенг бўлди. Марказий банк апрелда 500 млн доллардан зиёдроқ қимматли қоғозлар сотиб олди ва захилара таркибидаги қимматли қоғозлар қарийб 704 млн долларга етди.

Захираларда нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори ҳам ортиб бормоқда ва 10 329,2 млн долларни ташкил қилмоқда (йил бошига нисбатан +1833,2 млн доллар).

Бош офиси хорижда жойлашган банкларда 9967,3 млн доллар, бошқа марказий банклар, ХВЖ ва ХҲКБда 361,9 млн доллар миқдоридаги активлар мавжуд.

Хорижий валютадаги бошқа активлар февраль ойидаги пасайишдан сўнг яна кўпая бошлади ва 71,1 млн долларга етди. Расмий захира активларига киритилмаган депозитлар 49,6 млн долларни (ўтган ойга нисбатан +4,07 млн долл.), расмий захира активларга киритилмаган олтин 21,5 млн долларни (ўтган ойга нисбатан +1,38 млн долл.) ташкил этди.

Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси таркибидаги пуллар эса ҳамон очиқланмай келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтиннинг қимматлашиши ортидан Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираларини март ойида 3 млрд долларга ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#олтин-валюта#захира

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган