Ўзмиллийбанкнинг 2025 йил учун давлат харидларининг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини тасдиқлаш бўйича қарори эълон қилинди. Порталга очиқланган тегишли ҳужжат нусхасига кўра, у 2024 йил 25 декабрь куни ваколатли бошқарув органлари томонидан тасдиқланган.
Унга кўра, Ўзмиллийбанк жорий йилда 202 млрд 649,6 млн сўм ҳамда 8,5 млн доллар миқдоридаги (жами тахминан 312,7 млрд сўм) маблағни давлат харидига йўналтиришни режалаштирган. Ушбу маблағларнинг катта қисми банк офисларини таъмирлаш, технология воситаларини сотиб олиш ҳамда банк бренди рекламаларига ажратилади.
Йирик миқдордаги харидлар (миллий валютада):
- Microsoft Exchange Server ва Windows Server лицензияларини харид қилиш — 17,8 млрд сўм;
- Маълумотларни қайта ишлаш марказининг муҳандислик инфратузилмасини яратиш — 15 млрд сўм;
- Банкнинг янги "Зарафшон" биносини қуриш — 13,5 млрд сўм;
- Электрон навбатни бошқариш ва сифатни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимларини кенгайтириш — 13, 02 млрд сўм;
- "Қизилтепа" БХМ янги биносини қуриш — 12,1 млрд сўм;
- "Ромитан" БХМ янги биносини қуриш — 12 млрд сўм;
- "Қоракўл" БХМ биносини капитал таъмирлаш — 7,5 млрд сўм;
- Банк амалиёти биносини капитал таъмирлаш — 7,2 млрд сўм;
- 2025 йил учун аудит — 7,15 млрд сўм.
Шунингдек банк томонидан телевидениеда реклама сотиб олиш учун 9 млрд сўм, SMM хизматлари хариди учун 1,045 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган.
Хорижий валютада амалга ошириладиган йирик харидлар:
- Банкоматлар сотиб олиш 1,8 млн доллар;
- Терминаллар сотиб олиш 1,6 млн доллар;
- Автоматлаштирилган депозит машинаси 800 минг доллар;
- Биоидентификатсиялаш тизимини жорий этиш лойиҳаси 700 минг доллар;
- ID паспортларни ўқиш қурилмаси ва Web камералар 600 минг доллар;
- Банкнотларни санаш машиналари 560 минг доллар.
Айни дамда банк акцияларининг 40,8 фоизига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 59,2 фоизига эса Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эгалик қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 26 май куни "Ўзмиллийбанк" АЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.