Статистика агентлиги томонидан 2025 йил январь-март ойлари учун номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичлари эълон қилинди. Унда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти балан шуғулланувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2024 йил мос даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсиб, 15,8 млн сўмни ташкил қилди. Ҳудудлар кесимида энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида кузатилди.
2021 йилдан буён банк-молия соҳасида ўртача иш ҳақи ўсиши секинлашаётган эди. 2021 йилда ўсиш кўрсаткичи 32,5 фоиз, 2022 йилда 30,0 фоиз, 2023 йилда 23,7 фоиз, 2024 йилда 14,3 фоизни ташкил этди. 2025 йилга келиб мазкур кўрсаткич яна юқорилай бошлади.
Инфографика: Stat.uz
Тўрт йил давомида маошлари секин кўтарилаётганига қарамай, банк-молия соҳаси ходимлари Ўзбекистонда энг даромадли йўналиш бўлиб қолмоқда. Статистикага кўра, ўртача ойлик номинал иш ҳақи ахборот ва алоқа соҳасида 14 818,4 минг сўм, ташиш ва сақлаш — 8 719,2 минг сўм, саноат — 6 923,6 минг сўм, савдо — 6 521,5 минг сўм, қурилиш — 6 013,9 минг сўм, яшаш ва овқатланиш хизматлари — 4 790,0 минг сўм, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш — 4 831,3 минг, таълим соҳаси — 4 044,2 минг сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 3 626,1 минг сўмни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда банк-молия соҳаси ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 15,3 млн сўм бўлган эди.