Фото: IMF
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Келишувларининг IV моддасига мувофиқ жорий йилнинг 23 апрель – 7 май кунлари Ўзбекистон Республикаси билан 2024 йилги Маслаҳатлашувлар доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича ХВЖ миссияси расмий баёнот эълон қилди. Якуний баёнотда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ходимларининг аъзо мамлакатга расмий ташрифи якунлари бўйича дастлабки хулосалари келтирилган.
Баёнотда Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича жорий ҳолат, истиқболлар ва хатарлар, солиқ-бюджет сиёсати, пул-кредит ва алмашув курси сиёсати, молия секторининг барқарорлиги, таркибий ислоҳотлар йўналишлари бўйича хулосалар ва таклифлар берилган.
Хусусан, молия секторининг барқарорлиги ҳақида тўхталар экан, ХВЖ Ўзбекистонда давлат банкларини ислоҳ қилиш устувор вазифа бўлиб қолиши билан бирга уларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, тижорат мақсадларига эришиш ва банкларни хусусийлаштиришга тайёрлашга ҳам эътибор қаратиш керак, дея таъкидлаган.
Баёнотда айтилишича, 2023 йил якуни бўйича давлат банклари, активлари жами банк активларининг 68 фоизини ташкил этган ҳолда молия тизимида устун мавқега эга бўлиб қолмоқда. “Ипотека-банк” хусусийлаштирилганидан кейин расмий идоралар томонидан икки йирик давлат банки – “Асака” ва “ЎзСҚБ”ни хусусийлаштириш тўғрисида муҳим қарор қабул қилинди. Келажакда давлат банкларининг хусусийлаштирилишини янада жадаллаштириш рақобатни кучайтиради, барчага тенг фаолият шароитларини яратади, ресурсларни янада самарали тақсимлашга ва молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиришга имкон беради. Давлатга тегишли банклар тижорат асосида ишлайдиган самарали тизимларга ва бошқарув тузилмаларига эга бўлиши керак. Барча нотижорат фаолият турларини бюджетга ўтказиш зарур ёки бюджетдан тегишли харажатларни қоплашнинг шаффоф усулини яратиш керак. Тижорат банкларида давлат улуши сақланиб қолишининг мақсадга мувофиқлиги доимий баҳолаб борилиши керак, шу билан бирга, мақсадларига эришмаган давлат банкларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш зарур.
Шунингдек, баёнотда пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозим экани қайд этилган. Марказий банк нархлар динамикасини диққат билан кузатишни давом эттириши ва инфляция барқарор пасайиш траекториясига киргунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши керак.
Агар энергия нархларининг ошиши базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларга таъсир қилса, Марказий банк асосий ставкасини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Миссия Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги қарорларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди, бу эса инфляцион кутилмаларни янада жиловлашга ёрдам беради, дея таъкидланади баёнотда.
Бундан ташқари, пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини янада кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши кераклиги ҳам айтилди. Мувозанатли пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва Марказий банкнинг мустақиллиги янада оширилиши иқтисодиётда долларизация даражасини пасайтириш ва трансмиссион каналларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Молия секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, шу жумладан, давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозор имкониятларини ошириш молиявий воситачиликни ривожлантиришга, ликвидликнинг таркибий профицитини камайтиришга ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради. Валюта курсининг мослашувчанлиги янада оширилиши шоклар таъсирини камайтиришга ва захираларни барқарор сақлашга ёрдам бериши айтиб ўтилган.
Тасодифий хабарлар
Тижорат банкларига бизнесни молиялаштириш учун 300 млн. доллар ресурс ажратилади
Ўтган 8 ойда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари қолдиғи 45 фоизга ортган
Янгийўл туманида 3,1 млрд сўм имтиёзли кредитлар талон-торож қилингани аниқланди