2024 йил давомида Ўзбекистонда пул массаси 65 трлн сўмга кўпайди

10.01.2025 09:17

71

2024 йилда мамлакатдаги жами (кенг маънодаги) пул массаси 65 трлн сўмга (30,6 фоизга) ўсди ва унинг жами миқдори 277 трлн сўмдан ортди. Муомаладаги нақд пуллар ҳажми эса йил давомида 7,7 трлн сўмга ортиб, 53,3 трлн сўмга етди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистондаги кенг маънодаги пул массаси (М2) 14,4 трлн сўмга ортди. Йиллик ўсиш эса қарийб 65 трлн сўмни ёки 30,6 фоизни ташкил қилди. Шу билан 1 январь ҳолатида кенг маънодаги пул массаси 277 трлн сўмдан ошди.

Жумладан, 2024 йилнинг сўнгги ойида миллий валютадаги пул массаси 13 трлн сўмдан кўпроққа ўсган. Йил давомида эса 55,7 трлн сўмлик ўсиш қайд этилди. Фоизлардаги ўсиш 33,9 фоизга тенг.

Маълумот учун, 2023 йилда кенг маънодаги пул массаси 12,1 фоизга, миллий валютадаги пул массаси эса 18,4 фоизга ортганди.

Шунингдек, муомаладаги нақд пуллар ҳажми декабрда 1,9 трлн сўмга, 2024 йил бошидан бери эса 7,7 трлн сўмга ортган. Шундай қилиб муомаладаги нақд пуллар ҳажми 2025 йилнинг 1 январига келиб 53,3 трлн сўмни ташкил қилди.

Декабрда миллий валютадаги депозитлар 3 трлн сўмга, чет эл валютасидаги депозитлар эса 1,3 трлн сўмга ўсган. Қайд этиш керакки, 2024 йил давомида миллий валютадаги депозитлар 33,8 трлн сўмга ортиб, 105,7 трлн сўмга етган бўлса, хориж валютасидаги депозитларда бу кўрсаткичлар 9,3 трлн сўмлик ўсиш билан 56,9 трлн сўмга тенг бўлган.

Бундан ташқари, сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитларда ҳам ўсиш кузатилган.

Кенг маънодаги пул массаси (М2) — Марказий банк ва бошқа тижорат банклари мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланади. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади. 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрь ойида нақд пуллар ҳажми 2,6 трлн сўмга камайганди.

Теглар:

#пул_массаси#нақд_пуллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган