Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари салкам 45 млрд долларга етди

11.03.2025 09:26

235

Февраль ойида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2 млрд доллардан кўпроққа ошиб, 44,9 млрд долларга етди. Захиралар ортишида хорижий валютадаги захира активлар (+2,2 млрд доллар) асосий ролни ўйнаган. Олтиннинг физик ҳажмида, қийматида ҳам камайиш кузатилган.

Фото: Shutterstock.com

1 февраль ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 44,9 млрд долларни ташкил қилди. Бу январь ойига нисбатан 2 млрд долларга кўпроқдир. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Захиралар ортишида хорижий валютадаги захира активлар асосий ролни ўйнаган. Ой давомида валютадаги захиралар 2,2 млрд доллардан кўпроққа ошган ва 9,5 млрд долларгача етган. Бунда бош офиси хорижда жойлашган банклардаги активлар 2,16 млрд долларга ошган.

Шунингдек, валютадаги захиралар таркибида Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар 102,1 млн доллардан 202,5 млн долларгача ўсган.

Февраль ойида олтиннинг физик ҳажми 380 минг трой унцияга, қиймати эса салкам 202 млн долларга камайган. Шундай қилиб, захиралар таркибидаги олтиннинг қиймати 34,9 млрд долларни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми 1,7 млрд долларга ошиб, 42,9 млрд долларга етганди. Олтин нархларининг қимматлаши захираларга 2,27 млрд долларлик ижобий таъсир кўрсатган.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган