Ўзбекистонда Европа инвестиция банкининг минтақавий офиси очилади

04.04.2025 07:52

188

Самарқандда бўлиб ўтаётган саммит доирасида Ўзбекистонда Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди. Банк капитал бозорларидан маблағ жалб қилиб, асосан иқлим, кичик ва ўрта бизнес ҳамда инфраструктурани ривожлантиришга оид лойиҳаларни молиялаштиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

3-4 апрель кунлари Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтмоқда.

Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ҳузурида Ўзбекистонда Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоиз, офиснинг Тошкент шаҳрида очилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда "яшил" иқтисодиёт, инновацион саноат ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришга жалб этилаётган инвестициялар ҳажмини ошириш имконини беради, дейилади хабарда.

1958 йилда ташкил этилган Европа инвестиция банки (ЕИБ) Европа Иттифоқининг етакчи молиявий институти ҳисобланади. ЕИБ Европа Иттифоқининг инвестиция банки бўлиб, 27 аъзо давлатга тегишлидир.

Банк капитал бозорларидан маблағ жалб қилиб, уни Европа Иттифоқи мақсадларини қўллаб-қувватловчи лойиҳаларга қулай шартларда беради. Кредитларнинг тахминан 90 фоизи Европа Иттифоқи ҳудудида ажратилади. Маблағлар Европа Иттифоқи бюджетидан олинмайди.

ЕИБ 4 та асосий турдаги маҳсулот ва хизматларни тақдим этади:

  • кредитлаш - умумий молиявий мажбуриятнинг тахминан 90 фоизини ташкил этади. Банк иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлаш учун ҳар қандай ҳажмдаги мижозларга кредит беради ва бу кўпинча бошқа инвесторларни ҳам жалб этишга ёрдам беради;
  • сармоя - банк мижозларга венчур қарзи таклиф қилади, кичик ва ўрта бизнесга ҳамда ўртача фондларга инвестициялар киритади, шунингдек, инфратузилма ва экология жамғармаларига сармоя қилади.
  • кафолатлаш - банк катта ва кичик лойиҳаларнинг хатарларини қоплайдиган кафолатлар беради. Шунингдек, лойиҳалар бошқа инвесторлар учун жозибадор бўлиши учун кредит портфелларини тақдим этади.
  • маслаҳат ва техник ёрдам - инвестиция лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, институционал ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш учун техник ва молиявий экспертизани мижозларга тақдим этади.

ЕИБ 25 млн евродан юқори миқдордаги кредитларни бевосита ажратади. Кичикроқ миқдордаги кредитлар керак бўлганда эса, молия муассасалари учун кредит линияларини очади, улар эса ўз навбатида қарз олувчиларга маблағларни тақдим этади.

Ташкилот 2008 йилги молиявий инқироз ва COVID-19 пандемияси каби инқирозлар даврида молиявий таъминот жиҳатидан муҳим роль ўйнаган. 1958 йилда ташкил этилганидан 2018 йилгача ЕИБ 1,1 трлн евродан ортиқ маблағ сарфлаган.

Аввалроқ, Ўзбекистон асосий акциядорлари Россия ва Қозоғистон бўлган Евроосиё тараққиёт банкига қўшилаётгани ҳақида хабар бергандик.

Теглар:

#Европа инвестиция банки#Европа

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган