Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши кутилмоқда

19.03.2025 12:16

420

Ўзбекистон асосий акциядорлари Россия ва Қозоғистон бўлган Евроосиё тараққиёт банкига қўшилмоқда. Тегишли қонун 18 март куни сенаторлар томонидан маъқулланган.

Фото: ЕТБ

Кеча, 18 март куни Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжатда ЕТБ фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда Банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.

Фото: Senat.uz

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши учун ҳуқуқий асос яратади, унинг фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқини таъминлайди.

Бу орқали банкка аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашишга, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга эришилади, дейилади хабарда.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган халқаро молия ташкилотидир. 2009 йилда Арманистон ва Тожикистон, 2010 йилда Беларус, 2011 йилда эса Қирғизистон унга қўшилган. Банк устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.

ЕТБнинг бош офиси Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) жойлашган. Банкнинг Санкт-Петербургда филиали ва Остона, Бишкек, Душанбе, Ереван, Минск ва Москвада ваколатхоналари мавжуд.

Ўтган йили Ўзбекистон ЕТБга қўшилиши кутилаётгани ва банк капиталининг тахминан 10 фоизини олиши маълум қилинган эди. Ўшанда Олмаотадаги ЕТБ бизнес-форумида ЕТБ раиси Николай Подгузов мазкур масала тез орада хал бўлишини айтганди.

Ҳозирда банк таркибига 6 та давлат киради. Тўланган капитал бўйича (2023 йил январь ҳолатига кўра) асосий акциядорлар:

  • Россия (44,79%)
  • Қозоғистон (37,29%)
  • Беларус (5,21%)
  • Тожикистон (4,26%)
  • Қирғизистон (4,23%)
  • Арманистон (4,23%)


Теглар:

#Сенат#евроосиё_тараққиёт_банки

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган