"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ банки бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимига Шаҳзод Махматмуродович Юсупов тайинланди. Бу ҳақда банк расмий хабарида маълум қилинди.
Ш.Юсупов 1983 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 2004 йил Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бакалавр, 2006 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичларини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Қашқадарё вилоятида Сувқурилиш ёрдамчи-ҳисобчиси сифатида бошлаган. 2005-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тизимида фаолият юритган.
2018 йилдан 2022 йилгача "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ Ижро аппарати раҳбари ўринбосари, Ҳукумат топшириқлари бажарилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ҳамда Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш департаменти директори лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи, 2023 йил ноябрь ойидан бошқарув раиси ўринбосари сифатида фаолият юритиб келганди.
Эслатиб ўтамиз, Бизнесни ривожлантириш банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Алишер Муратов ўтган йилнинг декабрь ойида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.