Марказий банк 2025 йил февраль ойи якуни бўйича тижорат банкларининг кредит портфели ва муаммоли кредитлар улуши бўйича маълумотни тақдим қилди. Унга кўра, 1 март ҳолатига банкларнинг кредит портфели 6 трлн сўмдан зиёдроққа ортиб, жами 540 трлн сўмни ташкил қилган.
Портфелдаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 580 млрд сўмга ортган ва жами 24,3 трлн сўмга тенг бўлган. Жами кредитлардаги NPL улуши 4,5 фоиз даражасида сақланиб турибди.
Манба: cbu.uz
Давлат банклари
Февраль ойида давлат банкларининг кредит портфели 3,8 трлн сўмга ортган ва 370,6 трлн сўмга тенг бўлган. Давлат банкларининг муаммоли кредитлари эса 198 млрд сўмга кўпайиб, 17 трлн сўмдан ошган.
Жами кредит портфелининг ўсиши Ўзсаноатқурилишбанк (+1,2 трлн сўм) ва Агробанк (+1,1 трлн сўм)да нисбатан жадалроқ рўй берган.
Давлат банклари орасида Асакабанк (-32,7 млрд сўм) ва Туронбанк (-81,2 млрд сўм) кредит портфелида камайиш кузатилган. Мазкур банклар орасида энг кўп NPL ортиши Ўзмиллийбанк (+223 млрд сўм) ҳисобига тўғри келган. Шунингдек, 4 та банкда NPL камайган.
Бошқа банклар
Давлат назоратида бўлмаган банкларнинг кредит портфели 2,3 трлн сўмга ортган ва 169,4 трлн сўмга етган. Портфелдаги муаммоли кредитлар эса 382 млрд сўмга ўсган ва 7,3 трлн сўмга тенг бўлган. Жами кредитлардаги NPL улуши 4,2 фоиздан 4,3 фоизгача кўтарилган.
Ой давомида TBC Bank'нинг кредит портфели 555 млрд сўмга ошгани эътиборга молик.
Ипотека банк (-93,7 млрд сўм), Тенге банк (-137,4 млрд сўм), Гарант банк (-78,6 млрд сўм) ва Октобанкларнинг (-8,6 млрд сўм) кредит портфелида ой давомида пасайиш юз берган.
Нодавлат банкларнинг муаммоли кредитлар ортишида Ипотека банк (+298 млрд сўм) асосий ролни ўйнаган.
Шу билан бирга, еттита банкда NPL улуши камайган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида банкларнинг муаммоли кредитлари (NPL) 2,6 трлн сўмга ортган ва жами 23,8 трлн сўмни ташкил қилганди.