Қозоғистон Молия вазирлиги 2024 йил учун мамлакатдаги 50 та энг йирик солиқ тўловчилар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Halyk Bank (Қозоғистон Халқ банки) нинг солиқ тушуми 259 млрд тенге (1 январь кунги валюта курси бўйича 493,2 млн доллар) ни ташкил қилиб, тўртинчи ўринни эгаллади.
Halyk Bank’дан олдинги ўринда Қозоғистоннинг учта энг катта нефть ва газ компаниялари қайд этилган.
Бундан ташқари, мамлакатдаги яна иккита банк – йиллик 107,3 млрд тенге (204,3 млн доллар) солиқ тушуми билан “Kaspi Bank” АЖ (22-ўрин) ва 77,7 млрд тенге (147,9 млн доллар) билан “Банк ЦентрКредит” АЖ (31-ўрин) ТОП-50 солиқ тўловчилар сифатида қайд этилди .
“Halyk Bank” бир неча йиллардан буён Қозоғистоннинг энг йирик солиқ тўловчилари қаторидан жой олмоқда, бироқ 2024 йилда унинг ўрни маълум даражада яхшиланди. 2023 йилда банк энг йирик солиқ тўловчилар орасида 6-ўринни эгаллади. Ўшанда у мамлакат бюджетига 203 млрд тенге тўлаган эди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Halyk Bank'нинг 100 фоизли шўъба корхонаси — Tenge Bank 2019 йилнинг июль ойидан ўз фаолиятини бошлаган.
Таққослаш учун, 2024 йилда Ўзбекистоннинг учта банки энг кўп солиқ тўлаган ташкилотлар ТОП-20'талиги рўйхатидан жой олган. Ўзмиллийбанк 1,4 трлн сўм (108,5 млн доллар) , Капиталбанк 610,3 млрд сўм (47,3 млн доллар) ва Hamkorbank 540 млрд сўм (41,8 млн доллар) солиқ тўлаган ҳолда энг кўп солиқ тўлаган ташкилотлар ТОП-20'талиги рўйхатидан жой олди.