Россия банклари шубҳали пул ўтказмалари аниқланган тақдирда олувчининг ҳисобидаги маблағларни 48 соатга "музлатиб" қўйишни таклиф қилишди. Бу ҳақда Россия Миллий молия бозори кенгаши (НСФР) Россия Марказий банкига мактуб юборган.
"Музлатиш" қандай амалга оширилади?
Россияда ҳозирда фақат пул жўнатувчининг ўтказмаларини блоклаш амалиёти мавжуд. Эндиликда банклар ўтказмаларни қабул қилувчининг 10 мингдан 50 минг рублгача бўлган маблағларни 24 соатга, 50 минг рублдан ортиқ пул ўтказмаларини 48 соатга блокировка қилиш таклифини билдирмоқда. Агар ўтказма мижознинг ихтиёрий розилигисиз амалга оширилганлиги тасдиқланса, пул маблағлари жўнатувчига дарҳол қайтарилади.
Агар банк пул жўнатувчидан ўтказма унинг розилигисиз амалга оширилгани тўғрисида ариза олса, ҳисобдаги тўлиқ суммани автоматик тарзда 48 соатга блоклаши мумкин бўлади. Фирибгарлик тўғрисида баёнот берилган тақдирда, ҳисобни ёпиш ва қолган маблағларни ўтказишга 30 кунлик тақиқ белгиланиши керак, дейилади хатда.
НСФР раҳбари Андрей Эмелиннинг сўзларига кўра, бу амалиёт орқали фирибгарларнинг қурбонларига ўғирланган пуллар тезроқ ва самаралироқ қайтарилади.
Ҳисоб рақамидан ўғирланган маблағларни қайтариш масаласида асосий муаммо вақт танқислигига бориб тақалади. Чунки фирибгарлар ўғирланган пулларни ўтказилган ҳисоб рақамидан сониялар ичида ечиб олади. Шу сабабли, пулни қабул қилувчи банк ҳам шубҳали амалиётлар аниқланганда ёки бундай ҳолат ҳақида маълумот олинганда, худди ҳозирда маблағ жўнатувчи банклар каби, ўз мижозларининг ҳисобларини тўхтатиб қўйиш имкониятига эга бўлиши лозим, деди НСФР раҳбари Андрей Эмелин.
Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2024 йилда фирибгарлар томонидан банк мижозларидан 27,5 млрд рубль ўғирланган. Шундан кредит ташкилотлари мижозларга атиги 2,7 млрд рубль ёки ўғирланган маблағларнинг 9,9 фоизини қайтара олган. Шу билан бирга, банклар 13,5 трлн рубль миқдоридаги ўғирликнинг олдини олишга муваффақ бўлган.
Банкларнинг таклифи самаралими?
Россия Марказий банкида фирибгарлар ҳақидаги маълумотлар базаси мавжуд бўлиб, бу такрорий ўғирликнинг олдини олиш муаммосини ҳал қилади. Бироқ ҳисоб ёки картадан фирибгарлар биринчи марта фойдаланганда, улар маълумотлар базасига тушгунга қадар пулни ўғирлаб, ечиб олишга муваффақ бўлишади.
"Фирибгарлар фойдаланувчини ваҳима ҳолатига туширишга ва "ўзига келмасидан" олдин ундан пул олишга ҳаракат қилишади. Аммо у ўтиришга, ўйлашга ёки яқинларини чақиришга улгуриши биланоқ, аввалги ҳолатдан чиқиб кетиш ва пулни тежаш эҳтимоли сезиларли даражада ошади, деб айтган "Код безопасности" компанияси тижорат директори Федор Дбар.
Яна бир мутахассис мижознинг ҳисоби турли манбалардан кескин тўлдирила бошласа ёки янги ҳисоб рақамларига катта миқдордаги пул ўтказмалари амалга оширилса, тизим автоматик равишда маблағларни блоклаб қўйиши ва бу ҳақда банкни хабардор қилиши кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида вақтинчалик тартиб жорий этилганди.