Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, бир гуруҳ шахслар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уйлардан бирини ижарага олиб, “Call-марказ” фаолиятини йўлга қўйгани аниқланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, улар сохта қўнғироқлар орқали фирибгарлик йўли билан фуқароларни алдаб, мол-мулкларини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келган. Жиноий гуруҳда икки нафар ташкилотчи ҳамда 20 га яқин операторлар фаолият юритган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилардан 15 мингдан ортиқ фуқаронинг абонент рақамлари ва шахсга доир маълумотлари, шунингдек, гиёҳвандлик моддалари, 35 дона уяли алоқа воситаси ҳамда 10 дан ортиқ пластик карталар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-4-моддаси (Компьютер ахборотини модификациялаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь-февраль ойларида онлайн кредит расмийлаштириш жараёнида "48 соатлик қўшимча тасдиқ"дан ўтмаган 316,1 млрд сўмлик кредитлар расмийлаштирилишининг олди олингани ҳақида хабар берган эдик.