Марказий банк 1 февраль ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари бўйича маълумотларни тақдим қилди. Унга кўра, январь ойида мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 1,7 млрд долларга ёки 4 фоизга ошиб, 42,9 млрд долларни ташкил қилди.
Манба: cbu.uz
"Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2025 йилнинг январь ойида 1 млрд 726,9 млн долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2 610,85 доллардан 2 791,50 долларгача ошишининг таъсири +2 млрд 269,1 млн долларни ташкил этди", ─ дейилади МБ маълумотида.
Олтиннинг физик ҳажми 260 минг трой унцияга ошиб, 1 февраль ҳолатида 12,6 млн трой унцияни ташкил қилди. Олтин захираларининг қиймати 3 млрд доллардан кўпроққа ошган ва жами 35 млрд 62 млн долларга тенг бўлди.
Хорижий валютадаги захира активлар ҳажми эса 1,3 млрд долларга камайиб, умумий ҳажми 7,3 млрд долларгача камайди. Бунда асосий пасайиш бош офиси хорижда жойлашган банклардаги активларнинг 1,39 млрд долларга камайиши асосий ролни ўйнаган.
Шунингдек, Марказий банкнинг халқаро захиралар бўйича январь ойи ҳисоботи биринчи эълон қилганида алоҳида банд билан 2,8 млрд доларлик бошқа захира активлар пункти қўшилганини кўриш мумкин эди.
Балки бу банд ФРРУ активларининг ликвид қисми бўлиши мумкин (ташқи активлар), дея тахмин қилган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Кейинроқ эса регулятор ҳисоботни янгилади. Янгиланган ҳисоботда ушбу пункт яна нолга тенг бўлиб қолди. Марказий банк бу бўйича изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2024 йил давомида 6,6 млрд долларга ошгани ҳақида хабар бергандик. Хусусан, йил давомида олтиннинг физик ҳажми қарийб 360 минг трой унцияга, қиймати эса 7 млрд 404,52 млн долларга ошганди.