Асакабанк кузатув кенгаши таркиби янгиланди

07.03.2025 17:09

1 917

Асакабанк кузатув кенгаши таркибига Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илхом Умурзаков, шунингдек 4 та мустақил аъзо — европалик мутахассис Козик Конрад ва грузиялик мутахассислар Тамуна Жижилашвили, Ираклий Меквабишвили ва Вано Балиашвилилар сайланган.

Фото: Асакабанк

Асакабанк Кузатув кенгашининг уч нафар аъзоси кенгаш таркибидан чиқарилди. Уларнинг ўрнига тўрт нафар янги аъзолар сайланди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Маманов Русланбек Абдухаликович, мустақил аъзолар саналган Ульянова Ольга Геннадьевна ва Зайнутдинов Хуршид Давроновичлар кенгаш аъзолигидан чиқарилган.

Янги аъзолар сифатида қуйидаги шахслар Кузатув кенгашидан жой олган:

Умурзаков Илхом Ўринбоевич — Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Илхом Умурзаков ─ 2004-2008 йилларда Тошкент халқаро Вестминстер олийгоҳида бакалавр, 2014-2016 йилларда Токио университетида магистратура босқичида таълим олган. 2008-2020 йилларда Ўзбекистон Марказий банкида турли лавозимларда ишлаган. Вазир ўринбосари этиб тайинлангунга қадар у Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш департаментига раҳбарлик қилган.

Козик Конрад — мустақил аъзо

Фото: maib

Козик Конрад 1992 йилда Испаниянинг Наварра университетини, 1993 йилда Италияда магистратурани тамомлаган. 1999 йилдан Unicredit Bank'да турли лавозимларда, жумладан, Руминия ва Россиядаги Unicredit шўъбаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Конрад Козик Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Россиядаги бир қатор йирик молия институтларида бошқарув кенгашининг аъзоси ва кузатув кенгаши раиси бўлган.

Тамуна Жижилашвили — мустақил аъзо

Тамуна Жижилашвили грузиялик мутахассис. 1998-2002 йилларда Тбилиси давлат университетининг бакалавр, 2011-2013 йилларда Тбилиси Free университетининг магистратура босқичида таҳсил олган. Банк соҳасида 2004 йилдан буён фаолият юритиб келади. 2006 йилда TBC Bank Group'га қўшилиб, Кичик ва ўрта кредитлар бўлими бошлиғи лавозимида иш бошлаган. Ҳозирда TBC Bank’да Дистрибьютерлик тармоғига раҳбарлик қилади.

Ираклий Меквабишвили — мустақил аъзо

Фото: wikimedia

Грузиялик молиячи ва иқтисодчи, иқтисод фанлари доктори, 2017 йил сентябридан Грузия бош аудитори. Меквабишвили 1996 йилдан буён банк соҳасида ишлаб келади. 1998 йилдан 2003 йилгача “United Georgian Bank” АЖда турли лавозимларда, жумладан, бош директор лавозимида ишлаган. 2005 йилдан 2007 йилгача Грузия ВТБ Банк бош директорининг ўринбосари, кейинчалик бош директори этиб тайинланган. 2007-2017 йилларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкида турли лавозимларда ишлаган.

Вано Балиашвили — мустақил аъзо

Фото: Банк Компанион

Грузиялик мутахассис Вано Балиашвили Тбилиси давлат университетининг муҳандислик-иқтисод факультетини тамомлаган. Шунингдек, у Европа менежмент мактабида MBA ва Жорж Вашингтон университетида (Грузия) Лойиҳа бошқаруви магистри даражасига эга. Грузиядаги энг йирик банклардан бири — TBC Bank'да бош операцион директор бўлган

Шундай қилиб, Асакабанк Кузатув кенгаши таркиби қуйидагилардан иборат бўлади:

  • Илхом Ўринбоевич Умурзаков — Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари;
  • Жамшид Абдигалипович Абдушукуров — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат активларини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш департаменти директори;
  • Олим Анварович Юсупов — Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Ижрочи директор ўринбосари в.в.б – бошқарма бошлиғи;
  • Наима Низомиддин қизи Нуритдинова — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Стратегик активларни трансформация қилиш бошқармаси Давлат иштироки мавжуд банклар билан ишлаш бўлими бошлиғи;
  • Ашот Феликсович Осипян — мустақил аъзо;
  • Козик Конрад — мустақил аъзо;
  • Жижилашвили Тамуна — мустақил аъзо;
  • Меквабишвили Ираклий — мустақил аъзо;
  • Балиашвили Вано — мустақил аъзо.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Асакабанк Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Муқимий кўчасида жойлашган банк бинолари комплексини аукцион орқали сотувга қўйганди

Теглар:

#асакабанк#Кузатув_кенгаши

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган