Фуқароларга кредит олишдан воз кечиш ҳуқуқи берилиши ҳақидаги қонун маъқулланди

20.02.2025 17:51

401

Сенат жисмоний шахслар томонидан ўз номига кредит олишни тақиқлаш имконияти кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Кредит олишдан воз кечиш бўйича аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали топширилиши мумкин.

Фото: Сенат.уз

Бугун, 20 февраль куни Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида фуқароларга кредит олишдан ихтиёрий равишда воз кечиш ҳуқуқи берилиши тўғрисидаги қонун қўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

""Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни яна-да такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун қабул қилинмоқда. Унда белгиланаётган механизм аҳолини кредит фирибгарлигидан ҳимоя қилиш, уларнинг хабарисиз кредит расмийлаштириш ва масофадан туриб маблағларни ечиб олиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Эндиликда жисмоний шахслар фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ўз номидан кредит шартномасини унинг иштирокисиз ёки хабардорлигисиз амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида ариза бериши мумкин бўлади.

Маърузачи Абдусаид Кўчимовнинг маълум қилишича, 2023 йилда киберхавфсизлик йўналишида 6455 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 76 фоизи, 4923 таси фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқ. 2024 йилнинг 8 ойида киберхавфсизлик бўйича фақат банк пластик карталари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 36 811 та мурожаат йўлланган.

Фото: Сенат.уз

Шунингдек, қонунда кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри жорий этилиши назарда тутилган. Фуқаролар ўз аризасига кўра ушбу реестрга киритилиши ёки ундан чиқарилиши мумкин. Рўйхатда бўлган шахсларга кредит ажратиш тақиқланади.

Кредит олишдан воз кечиш бўйича аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали топширилиши мумкин.

Бундан ташқари, лойиҳада кредит ташкилотларига шахснинг кредит олиш ҳуқуқи мавжудлигини текшириш мажбурияти юкланмоқда. Агар фуқаро кредит олишдан воз кечган бўлса, унга кредит ажратиш ноқонуний ҳисобланади. Кредит бюроларининг фаолияти устидан назорат кучайтирилиб, қонунчилик талабларини бузганлик учун санкциялар белгиланиши кўзда тутилган.

Реестрга киритилган шахс кейинчалик банклардан кредит олишни хоҳласа, ушбу реестрдан чиқариш бўйича қайта ариза берган ҳолда кредит олиши мумкин.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз 19 млрд сўмлик кредитлар берилган, 2024 йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрланган, уларга 36,6 млрд сўм маблағ ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатаси жисмоний шахслар томонидан ўз номига кредит олишни тақиқлаш имконияти кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#кредитлар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган