Акциядорлик-тижорат "Халқ банки" Кузатув кенгашининг жорий йил 12 февралдаги қарорига асосан, Хасанжон Мухамадович Ахмедов мазкур банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Амалдаги тартибларга кўра, мазкур тайинлов Марказий банк билан келишилгандан сўнг, расман кучга киради.
Хасанжон Ахмедов 1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. 2006 йили Тошкент молия институтини бакалавр, 2008 йили Самарқанд давлат архитектура қурилиш институтини магистр босқичларини тамомлаган.
Х.Ахмедов меҳнат фаолияти давомида 2003-2006 йилларда Ипотека банк Самарқанд вилоят филиалида, 2006-2007 йилларда Марказий банк Самарқанд вилоят Бош бошқармасида, 2007-2010 йилларда Ипотека банк Марказий аппаратида, 2010-2014 йилларда Ўзсаноатқурилишбанк Марказий аппаратида турли лавозимларда, хусусан бошқарма бошлиғи, раис ёрдамчиси каби лавозимларда ишлаган.
2014-2019 йилларда Халқ банки тизимига ўтиб, дастлаб Риск менежмент департаменти директори ўринбосари, кейинчалик Пул муомаласи ва касса оперaциялари департаменти директори ва Ғазначилик департаменти директори лавозимларида фаолият юритган. 2019 йил июнь-ноябрь ойларида Ипотека банк Олмазор филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаган.
2019 йилдан бери Халқ банки тизимида раҳбарлик лавозимларида, хусусан, 2020 йил февраль ойидан 2021 йил апрель ойига қадар Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Х.Ахмедов 2023 йил июль ойидан буён Халқ банки Муаммоли активлар билан ишлаш комплекси раҳбари бўлиб ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Халқ банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов ўтган йил декабрь ойида вазир ўринбосари этиб тайинланиши муносабати билан лавозимини тарк этган эди.