Ўзини ўзи банд қилган ёшларга 7 йилга 100 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратилади

18.02.2025 14:55

2 209

Президент қарорига мувофиқ 18-30 ёшдаги ижтимоий солиқ тўлаган, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга онлайн шаклда 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарзлар ажратилади. Алоқабанк таянч банк сифатида ёш тадбиркорларга комплекс хизмат кўрсатади.

Фото: cbtbooks.ru

Ўзини ўзи банд қилган ёшларга онлайн шаклда имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача, ЯТТ ва тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшларнинг камида 20 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар берилади. Бу бўйича “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-62-сон, 14.02.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ёшларнинг стартап ва инвестиция лойиҳаларига имтиёзли молиявий маблағлар ажратилади.

“Бизнесга биринчи қадам” лойиҳасига мувофиқ 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга онлайн шаклда имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади.

“Ёшлар учун иш ўринлари” лойиҳаси асосида ЯТТ сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга, шунингдек, таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи кичик тадбиркорларнинг камида 20 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача маблағлар ажратилади.

2025–2027 йилларда ёш тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатилади, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида АТ “Алоқабанк” таянч “ёшлар банки” этиб белгиланади.

2025 йил 1 мартгача АТ “Алоқабанк”нинг ҳудудларда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни тижоратлаштиришга ҳамда молиялаштиришга кўмаклашиш (“Стартаплар”) лойиҳаси республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва лойиҳанинг ҳудудлардаги бўлинмалари малакали кадрлар билан тўлдирилади.

Бундан ташқари, “Инновацион ёшлар” лойиҳаси бўйича ёшлар венчур жамғармалари орқали қўллаб-қувватланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент раислигида ўтказилган йиғилишда Алоқабанк ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи "ёшлар банки"га айлантирилиши, ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун банкка 200 млн доллар ажратилиши ҳақида айтилган эди.

Теглар:

#имтиёзли_кредит#алоқабанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган