Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2024 йил давомида 6,6 млрд долларга ошди

08.01.2025 12:31

45

Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакат халқаро захиралари қолдиғи 2024 йил давомида 6,6 млрд долларга (19,1 фоизга) ўсиб, йил якунида қарийб 41,2 млрд долларга етди. Захираларнинг ўсишига деярли бутун йил давомида олтин нархларининг ошиб бориши сабаб бўлди.

Фото: Shutterstock.com

Ўзбекистон Марказий банки олтин-валюта захираларининг 2025 йил 1 январь ҳолатига қолдиғи юзасидан маълумотларни эълон қилди. Ҳисоботга кўра, 2024 йил давомида расмий захираларнинг умумий миқдори 34,56 млрд доллардан 41,18 млрд долларга ёки 19,1 фоизга ошган.

Манба: cbu.uz

Йил давомида олтиннинг физик ҳажми қарийб 360 минг трой унцияга, унинг қиймати эса 7 млрд 404,52 млн долларга ошган.

Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати маълумот очиқланишни бошлаган даврдан (2024 йил июнь) бери 66,7 млн долларга ёки 190,5 фоизга ошиб, 101,7 млн долларга етди.

2024 йилда олтин нархларининг максимал ошиши ҳисобига Ўзбекистоннинг халқаро захираларида рекорд даражалик ўсиш кузатилди. Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида мамлакат расмий захира активлари йил бошига нисбатан 24,8 фоизга ошиб, 43 млрд 139,1 млн долларни ташкил қилди.

АҚШда президентлик сайловлари якунлангандан кейин олтин нархлари пасайишни бошлаб, бу ҳолат Ўзбекистон олтин-валюта захираларига ҳам таъсирини кўрсатди.

“Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2024 йилнинг декабрь ойида 290 млн долларга камайди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2664,30 доллардан 2610,85 долларгача камайишининг таъсири -656 млн долларни ташкил этди” дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Олтин нархлари пасайишни бошлаган даврдан буён Ўзбекистон захира активлари кетма-кет 2 ой камайишда давом этмоқда. Хусусан, ноябрда мазкур тафовут -1 671,5 млн доллар, декабрь ойи якуни бўйича эса -290,2 млн долларни ташкил қилди.

Теглар:

#олтин-валюта#захира#Марказий_банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган