Автокредитга сотилаётган автомобилларга ҳам чегирмалар берилади

07.02.2025 13:52

294

Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда кўплаб автосалонлар автомобиль хариди учун пул тўлиқ тўланса, чегирма бераётгани, лекин автокредит ҳисобига сотиб олинаётганда бу чегирма амал қилмаслиги айтилди. Давлат раҳбари мазкур чекловни маҳаллий автомобиллар учун олиб ташлаш орқали кредит ставкасини 4 фоизга арзонлаштириш мумкинлигини таъкидлади.

Фото: Autostrada.uz

Ўзбекистонда банкларга автокредит учун автомобилларга чегирма қабул қилишга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни Президент раислигида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди. 

Қайд этилишича, хизматлар кўламини кенгайтириш учун такси агрегаторларидан бири 2 мингта автомобиль кредитига кафил бўлиб, 4 минг одамни ишли қилиш таклифи билан чиққан.

Бунинг ҳисобига янги замонавий таксилар кўпайиши, бундай лойиҳаларга банклар 1 трлн сўм кредит ажратишга тайёр экани таъкидланди.

Кўплаб автосалонлар автомобиль хариди учун пул тўлиқ тўланса чегирма бермоқда. Лекин амалдаги қоидаларга кўра, кредитга бериладиган автомашина учун бу чегирмани банклар қабул қилмайди. Ваҳоланки, банкларга чегирма қабул қилишга рухсат берилса, кредит ставкаси 4 фоизга арзонлашади.

Президент бу чекловни маҳаллий автомашиналар учун бекор қилиш муҳимлигини таъкидлади. Умуман, бу йил транспорт хизматлари ҳажмини 15 фоизга ошириб, 185 трлн сўмга, экспортини 2,2 млрд долларга олиб чиқиш зарурлиги айтилди.

Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг сентябрь ойида Марказий банк банкларга автокредит бериш бўйича талабларни кучайтирди. Жорий этилган стандартларга кўра, банкларнинг кредит портфелида автомобил сотиб олиш учун кредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. Бу кредитларнинг концентрацияси билан боғлиқ рисклар билан изоҳланган эди.

2024 йилнинг 1 июлидан эса банклар учун аҳолига кредит бериш талаблари кучайтирилди. Шундай қилиб, Марказий банк аҳолининг қарз юки кўрсаткичидан келиб чиқиб кредит бериш тизимини жорий этди. 

Натижада, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида автокредитлар миқдори 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 баробарга камайди. Биргина III чоракда ажратилган автокредитлар II чоракка нисбатан 16,9 фоизга ва 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга камайди.

Автокредитларнинг сезиларли даражада камайиши шароитида, автомобиль корхоналари ва дилерлар томонидан GM Uzbekistan”, “BYD”, “KIA” савдолари учун чегирмалар киритилди. Шунингдек, “GM Uzbekistan”, “BYD”, “Cherry” автомобиллари учун фоизсиз муддатли тўловлар жорий этилди.

Теглар:

#автокредит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган