Давлат дастурига асосан ипотека кредити ажратишда фаол бўлган банклар маълум бўлди

07.02.2025 06:29

408

2024 йилда 15 та тижорат банки давлат дастури асосида аҳолига жами 9,7 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратган. Дастур асосида энг кўп кредитлар Халқ банки, Ипотека банк ва Ўзмиллийбанк томонидан ажратилган. Йил давомида дастурга Asia Alliance Bank, Трастбанк ва Пойтахтбанк қўшилган.

Фото: Bankers.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда 15 та тижорат банки томонидан ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 35 минг 213 кишига 9,7 трлн сўмлик кредитлар ажратилган.

Қайд этилишича, энг кўп ипотека кредити Халқ банки (2,5 трлн сўм), Ипотека банк (2,2 трлн сўм) ва Ўзмиллийбанк (1,4 трлн сўм) томонидан ажратилган.

Шунингдек, ўтган йилда Asia Alliance Bank, Трастбанк, Пойтахтбанк ҳам ипотека дастурига қўшилган.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Ҳудудлар кесимида, ипотека кредитидан энг кўп Тошкент шаҳри аҳолиси фойдаланган. Пойтахтда 6280 киши 1 трлн 727 млрд сўмлик, Фарғона вилоятида 4012 киши 1 трлн 116 млрд сўмлик, Андижон вилоятида 3600 киши 1 трлн 59 млрд сўмлик ипотека кредити олган.

Сирдарё (490 киши/138,3 млрд сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (1058 киши/281,8 млрд сўм) ва Тошкент вилоятида (1129 киши 313,1 млрд сўм) яшовчилар бошқа вилоятларга қараганда камроқ ипотека кредитларидан фойдаланган.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Маълумот учун, Президент Фармони билан 2024 йилда ипотека кредитларини молиялаштиришга республика бюджети, “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан камида 17 трлн сўм маблағ йўналтириши белгиланганди.

Давлат дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредити бирламчи уй-жой бозори учун бўлиб, кредитнинг энг кўп миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 330 млн сўм, Тошкент шаҳри учун 420 млн долларни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ипотека кредитлари учун бюджетдан ажратилган субсидия тўловларининг 60 фоизи учта банк — Ўзмиллийбанк, Ипотека банк ва Халқ банки ҳиссасига тўғри келгани ҳақида маълум қилинганди. Ҳудудлар кесимида Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларида субсидия тўловларидан энг кўп фойдаланилган. 

Теглар:

#ипотека

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган