Марказий банк маълумотларига кўра, 6 февраль куни 5 граммлик олтин қуйма нархи 6 млн 180 минг сўмни ташкил қилди. Бу олтин нархи бўйича рекорд ҳисобланади.
Манба: Марказий банк
1 грамм олтин нархи йил бошига нисбатан 104 минг сўмга ёки 9,17 фоизга қимматлади. Хусусан, 5 граммлик олтин қуймалар нархи йил бошидаги 5 млн 661 минг сўмдан, 6 млн 180 минг сўмгача кўтарилган. Олтин нархлари сўнгги беш кунликда кетма-кет рекорд қайд этмоқда.
Шунингдек, дунё бўйича ҳам олтин нархи рекордларни янгилашда давом этмоқда. Trade Economics платформаси маълумотларига кўра, 6 февраль куни олтиннинг 1 трой унцияси нархи 2 860 долларгача кўтарилган.
Ўзбекистонда олтин қуймалар олди-сотдиси билан шуғулланувчи шохобчалар рўйхати ушбу ҳаволада мавжуд.
Аввалроқ, Марказий банк 17 январдан бошлаб 5, 10, 20, 50 граммли ўлчов олтин қуймаларга қўшимча равишда оғирлиги 100 грамм бўлган олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқарилишини маълум қилганди.