Марказий банк 2025 йилнинг 17 январидан бошлаб 5, 10, 20, 50 граммли ўлчовли олтин қуймаларга қўшимча равишда оғирлиги 100 грамм бўлган олтиндан тайёрланган ўлчовли қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқаради. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилиши айтилди. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажариб ўз серия рақамига эга бўлади. Олтин қуймаларнинг сотиш нархлари ҳар куни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.
Қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида қуйма эгасига тўловни амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.
Шунингдек, қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади.
Бундан ташқари, қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
16 январь ҳолати бўйича 1 гр олтин нархи 1 млн 154 минг сўмга тенг бўлди. Сотувда мавжуд олтин қуймаларининг нархи қуйидагича:
- 5 грамм олтин қуйма нархи — 5 млн 770 минг сўм;
- 10 грамм олтин қуйма нархи — 11 млн 540 минг сўм;
- 20 грамм олтин қуйма нархи — 23 млн 80 минг сўм;
- 50 грамм олтин қуйма нархи — 57 млн 700 минг сўмни ташкил қилади.
Мазкур олтин қуймаларнинг нархи Марказий банк томонидан нархлар кун давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Уларнинг нархини ушбу ҳавола орқали билиш мумкин.
2024 йилнинг 31 октябрь куни олтиннинг бир трой унцияси нархи 2790 долларгача кўтарилиб, ўзининг тарихий рекордини қайд этганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қолдиғи 2024 йил давомида 6,6 млрд долларга (19,1 фоизга) ўсиб, йил якунида қарийб 41,2 млрд долларга етди. Захираларнинг ўсишига деярли бутун йил давомида олтин нархларининг ошиб бориши сабаб бўлганди.