Тижорат банкларининг депозитлари ҳажми 2024 йилда 27,9 фоизга ёки 67 трлн сўмга ўсиб, 308,7 трлн сўмдан ошди. Жами депозит базасининг салкам 40 фоизи ёки 122,4 трлн сўми жисмоний шахсларнинг, 186,3 трлн сўми эса юридик шахсларнинг депозитлари ҳисобланади.
Йил давомида жисмоний шахсларга тегишли депозитлар 36 трлн сўмдан кўпроққа ўсган бўлса, юридик шахсларники эса 30,9 трлн сўмлик ўсиш қайд этган. Шу туфайли умумий депозитлар ҳажмидаги жисмоний шахслар улуши 2023 йилдаги 35,7 фоиздан, 2024 йилда 40 фоизгача кўтарилган.
Давлат банклари
Давлат банкларидаги депозит база 154,5 трлн сўмни ташкил қилди. 2023 йилга нисбатан ўсиш 30,2 трлн сўмни ёки 24,3 фоизни ташкил қилди.
Давлат банклари депозитлари ҳажмида жисмоний шахслар улуши 30,1 фоиздан 34,5 фоизгача кўтарилган.
Мазкур банклар орасида депозит хажмининг энг юқори ўсиши Ўзсаноатқурилишбанк (+6,9 трлн сўм) ва Халқ банкида (+6,7 трлн сўм) кузатилган.
Асакабанк (+366,4 млрд сўм) ва Туронбанк (+824,7 млрд сўм) депозитлари бошқа давлат банкларига қараганда пастроқ ўсиш кўрсаткичларини қайд этган. Эътиборли жиҳати шундаки, Асакабанкда юридик шахслар депозитлари 2,8 трлн сўмга камайган. Жисмоний шахсларники эса 3,2 трлн сўмга ортган. Асакабанк депозит базасида жисмоний шахслар улуши 25,3 фоиздан 44,8 фоизгача кўтарилган.
Бошқа банклар
2024 йилда давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларнинг депозитлари ҳажми 36,8 трлн сўмга ёки 31,4 фозга кўпайиб, 154,2 трлн сўмга тенг бўлди.
Мазкур банкларда жисмноий шахсларнинг депозитлари 20,3 трлн сўмга, юридик шахсларники эса 16,5 трлн сўмга ортган. Шу туфайли хусусий банклар депозитларида жисмоний шахсларнинг улуши 41,6 фоиздан 44,8 фоизгача кўтарилган.
Бутун банк тизими ичида депозитлар ортиши бўйича Ипотека банк (+7,9 трлн сўм) етакчилик қилган. Банк депозитлари ортишида юридик шахслар (+6,1 трлн сўм) асосий ролни ўйнаган.
Хусусий банклар орасида Капиталбанк (+6,6 трлн сўм) ва ANORBANK (+5 трлн сўм) депозитлари ҳажмида бошқаларга қараганда кўпроқ ўсиш кузатилган. Хусусан, ANORBANK'да йиллик ўсиш 135,1 фоизни ташкил қилди. Банкнинг жами депозитлари 8,7 трлн сўмга етган.
Капиталбанкда жисмоний шахсларнинг депозитлари 6 трлн сўмдан зиёдроққа кўпайганини ҳам қайд этиш лозим. Шундай қилиб банкдаги депозитларда жисмоний шахсларнинг улуши 2023 йилдаги 53,2 фоиздан 60,3 фоизгача ўсган.
Шунингдек, Hayot Bank депозит базаси 1,2 трлн сўмга етган. 2023 йилда банк 148,1 млрд сўмлик депозит базасига эга эди. Йиллик ўсиш 683 фоизга тенг.
TBC Bank'да юридик шахсларнинг депозитлари 407,4 млрд сўмга ошиб, 503,5 млрд сўмга етгани
Шу билан бирга, Азия Альянс банк (-410,1 млрд сўм), KDB Bank Uzbekistan (-933,5 млрд сўм) ва Гарант банк (-24,7 млрд сўм) депозит базасида пасайиш кузатилган.
Инфографика: Bankers.uz
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича Bankers.uz ҳар бир банкда депозитлар ҳажми (жисмоний ва юридик шахслар депозитлари қирқимида) қандай ўзгарганини таҳлил қилганди.