Ўзбекистоннинг еттита тижорат банки венчур фонд ташкил қилди. Бу ҳақда Тимурмалик Элмуродов ўзининг блогида хабар берди.
Т.Элмуродовнинг ёзишича, венчур фонд "United Ventures" деб номланади. Фондга Ўзмиллийбанк, Халқ банки, Бизнесни ривожлантириш банки, Асакабанк, Агробанк, Микрокредитбанк ва Туронбанк таъсисчилик қилади. Ҳар бир банк 14,28% улушга эгалик қилиши қайд этилган.
Манба: my.gov.uz
OpenInfo порталида Халқ банки "United Ventures" МЧЖ Халқ банкининг аффиланган шахслар рўйхатига киритилгани ҳақида эълон қилинган.
Манба: stat.uz
United Ventures'нинг устав капитали 525 млрд сўм (40,4 млн доллар) экани ва унга раҳбар этиб Sug'urta Bozor стартапи ҳаммуассиси Азизбек Қурбонов тайинланган. Фонд ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.
Маълумот учун, Италиянинг худди шу номдаги венчур фонди мавжуд.
Аввалроқ, октябрь ойида "Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банкларига венчур жамғармалар ташкил этиш, венчур инвестицияларни амалга ошириш ҳамда ишончли бошқариш шартномаси асосида бошқа венчур жамғармаларга ўз маблағларини беришга рухсат берилади.
Шундан сўнг, Асакабанк 10 млн долларлик венчур компания очиши ҳақида хабар берилганди. Венчур компания фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришга кўмаклашиши айтилганди.
Венчур фонд — бу ўсиш салоҳияти юқори бўлган, одатда стартаплар каби янги ва инновацион лойиҳаларга инвестиция киритувчи махсус инвестиция жамғармаси ҳисобланади. Ушбу фондлар юқори даромад олишни мақсад қилади ва шу сабабли юқори хавф билан боғлиқ бўлган лойиҳаларни молиялаштиради.
Айни пайтда Ўзбекистонда тўртта венчур фонд фаолият олиб боради. Булар UzVC, UZCARD Ventures, Semurg Venture ҳамда Aloqa Ventures. Шунингдек, юқоридаги президент қарорида IT-Park ҳам венчур фонд очиши кўзда тутилган.