Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 декабрь куни “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқоти чоғида Асакабанкка фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича бир нечта топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Жумладан, Асакабанк ва Фармацевтика агентлигига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди. Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 миллион доллар қулай шартларда йўналтирилади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Асакабанкка соҳани ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит линияси очилган. Энди бу малағ лизинг учун ҳам берилади.
Фото: Президент Матбуот хизмати
Шунингдек, фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади. Бу жамғарма биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади.
Асакабанк томонидан фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади. Стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.
Янги ишланмалар учун Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.
Фото: Президент Матбуот хизмати
Ўзбекистонда ўсимликларни саноат усулида етиштириб, қайта ишлаш орқали субстанция ва косметик компонент олиш ривожланяпти. Шунга мувофиқ, Асакабанк иштирокида келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан бўлган доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа бажарилади.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг экспорт бозорларини кенгайтириш учун АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) ҳамда Европа тиббиёт агентлиги сертификатларини олиш харажатлари бюджетдан қоплаб берилади. Умуман, фармацевтикада 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилиши белгиланди.