Сенат аҳолининг банклардаги омонатларини кафолатлаш бўйича янги қонунни маъқуллади

24.01.2025 12:49

382

Қонун билан соҳадаги ваколатли орган — Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил қилинади. Агентлик томонидан омонатчининг (юридик ёки жисмоний шахс) ҳар бир банкда қолдиғи 200 млн сўм сўмгача омонатлари (депозитлари) тўлиқ компенсация қилиб берилиши белгиланмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Олий Мажлис Сенатининг бугун, 24 январда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун билан банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган – Омонатларни кафолатлаш агентлигининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби белгиланмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳолининг банкдаги омонатларини суммасидан қатъи назар тўлиқ кафолатлаш тизими 2008 йилдаги жахон молиявий инқирозига қарши комплекс чоралардан бири сифатида жорий қилинган. Молиявий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида омонатларни тўлиқ ҳажмда кафолатлаш амалиёти бир қанча мамлакатларда вақтинча қўлланилган (Австралия, Малайзия, Венгрия, Германия, Дания, Таиланд ва бошқалар).

Ҳозирда, омонатларни тўлиқ кафолатлаш тизими 108 та давлатдан фақат Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларуссияда мавжуд бўлиб, бошқа давлатларда, кафолатлашнинг юқори чегараси мавжуд (мисол учун Қозоғистонда 43,1 минг доллар, Озарбайжонда 17,7 минг доллар, Россияда 15,4 минг доллар, Туркияда 14 минг доллар эквивалентида).

Шунингдек, кафолатлаш ҳодисаси рўй берганда Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан бир омонатчига ҳар бир банкда кафолатлаш объектининг қолдиғи 200 млн сўм миқдорида ёки ундан кам бўлса тўлиқ ҳажмда компенсация тўланиши белгиланмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Банк тугатилганда омонатчиларга Агентлик томонидан компенсация тўловини амалга ошириш даври босқичма-босқич 7 иш кунигача қисқартирилиши назарда тутилмоқда. Жумладан, банк тугатилганда компенсация тўлови 2025 йил 1 январдан бошлаб 20 иш куни, 2026 йил 1 январдан 15 иш куни, 2027 йил 1 январдан 7 иш куни мобайнида амалга оширилади.

Маълумот учун: АҚШ ва Канадада омонатларни қайтариш банк лицензияси чақириб олинган кундан кейинги кундан, Молдовада 12 кунгача бўлган муддатда, Европа иттифоқи мамлакатларида 10 кундан кеч бўлмаган муддатда, Россия ва Белоруссияда 15-кундан, Қирғизистонда 30 кундан, Қозоғистонда 35 кундан кеч бўлмаган муддатда бошланади.

Банк банкротликка учраган тақдирда, омонатчилар маблағларининг Агентлик томонидан қоплаб берилишини инобатга олиб, омонатчининг банкдан талаб қилиш ҳуқуқи Агентликка ўтказилади.

Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари Аброр Турдалиев қонун муҳокамаси давомида депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, 200 млн сўмлик кафолат Ўзбекистондаги 97 фоиз омонатчиларнинг депозитларини қамраб олишини билдирди.

Муҳокамадан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Тартиб бўйича, Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг расман кучга кирган ҳисобланади.


Бундан ташқари, қонун лойиҳасида белгиланган компенсация миқдори фуқароларнинг ушбу Қонун кучга кирган санадан олдин очилган омонатларига нисбатан татбиқ этилмаслиги тўғрисида нормалар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Bankers.uz аввалроқ омонатларни кафолатлаш тизими ислоҳ қилинаётгани ва янги қонун лойиҳасида кўзда тутилган асосий меъзонлар ҳақида батафсил маълумот берган эди.


Теглар:

#омонат#кафолатлаш_фонди#депозит#Сенат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган