Иллюстратив фото: Bankers.uz
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган "Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев ва Марказий банкнинг бошқа вакиллари иштирок этди. Bankers.uz мазкур муҳокама жараёнида айтилган асосий жиҳатларни эътиборингизга ҳавола қилади.
А.Турдалиевнинг маълум қилишича, “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги ПФ–27-сонли Фармони билан тасдиқланган "Йўл харитаси"нинг 81-позицияси ижроси юзасидан Жаҳон банки экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган.
Марказий банк вакили омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш иқтисодиётни, шу жумладан банк тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида ҳозирги кун талабларига мувофиқлаштиришнинг кейинги муҳим босқичи эканлигини таъкидлаган.
Шу мақсадда Марказий банк томонидан Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда омонатларни кафолатлаш тизимини мазкур соҳага оид халқаро стандартларга (Омонатларни кафолатлашнинг самарали тизими асосий тамойиллари) мувофиқлиги юзасидан ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра амалдаги қонунчилик 16 та Асосий тамойилда фақатгина иккитасига “мувофиқ”, учтасига “асосий қисми мувофиқ эмас”, саккизтасига “номувофиқ” деб топилган бўлса, учта тамойил (тегишли ҳуқуқий асоснинг мавжуд эмаслиги сабабли) “қўллаб бўлмайдиган” деб топилган.
Омонатларни кафолатлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
Биринчидан: омонатларни тўлиқ кафолатлаш амалиётидан воз кечилмоқда.
Ўзбекистонда аҳолининг банкдаги омонатларини суммасидан қатъи назар тўлиқ кафолатлаш тизими 2008 йилдаги жахон молиявий инқирозига қарши комплекс чоралардан бири сифатида жорий қилинган. Молиявий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида омонатларни тўлиқ ҳажмда кафолатлаш амалиёти бир қанча мамлакатларда вақтинча қўлланилган (Австралия, Малайзия, Венгрия, Германия, Дания, Таиланд ва бошқалар). Ҳозирда, омонатларни тўлиқ кафолатлаш тизими 108 та давлатдан фақат Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларуссияда мавжуд бўлиб, бошқа давлатларда, кафолатлашнинг юқори чегараси мавжуд (мисол учун Қозоғистонда 43,1 минг доллар, Озарбайжонда 17,7 минг доллар, Россияда 15,4 минг доллар, Туркияда 14 минг доллар эквивалентида).
Омонатларни кафолатловчилар халқаро ассоциациясининг (IADI) 8-асосий тамойилга мувофиқ кафолатланган омонат миқдор жиҳатдан чекланган бўлиши ҳамда омонатчиларнинг кўпчилик қисмини қамраб олиши лозим. Дунё бўйича ушбу кўрсаткич ўртача 92 фоизни ташкил этади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегарасини бир банкда бир омонатчига 200 млн сўм миқдорида белгилаш ҳамда уни тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси (200 млн сўм) Ўзбекистонда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари кафолатлананишини таъминлайди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида белгиланган компенсация миқдори фуқароларнинг ушбу Қонун кучга кирган санадан олдин очилган омонатларига нисбатан татбиқ этилмаслиги тўғрисида нормалар киритилган.
Марказий банк вакилининг алоҳида қайд этишича, кафолатланган омонат миқдори чекланиши банкларни фуқаровий жавобгарликдан озод этмайди. Яъни, омонатнинг 200 млн сўми қайтарилишини давлат кафолатлайди, ундан ошган қисмини банкдан талаб қилиш ҳуқуқи эса омонатчида сақланиб қолади.
Иккинчидан: банкнинг лицензияси чақириб олинганда омонатларни қайтаришни бошлаш муддати босқичма-босқич 7 иш кунигача қисқартирилмоқда.
Амалдаги тартиб бўйича ушбу муддат 2 ой 23 кунни ташкил этади. Қонун кучга кирганда 20 иш куни, 2026 йил 1 январдан – 15 иш куни, 2027 йил 1 январдан – 7 иш куни ичида қайтариш бошланади.
Маълумот учун: АҚШ ва Канадада омонатларни қайтариш банк лицензияси чақириб олинган кундан кейинги кундан, Молдовада 12 кунгача бўлган муддатда, Европа иттифоқи мамлакатларида 10 кундан кеч бўлмаган муддатда, Россия ва Белоруссияда 15-кундан, Қирғизистонда 30 кундан, Қозоғистонда 35 кундан кеч бўлмаган муддатда бошланади.
Учинчидан: кафолатлаш фонди маблағларининг мақсадли кўрсаткичи омонат базасига нисбатан 5 фоиз этиб белгиланмоқда.
Ҳозирда Фонд маблағлари 3,7 трлн сўмни ташкил этиб, 2-3 та ўртача банк тўловга қобилиятсиз бўлганда маблағларни қоплаб бериш учун етмайди.
Тўртинчидан: Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди негизида нотижорат давлат муассасаси бўлган Омонатларни кафолатлаш Агентлиги ташкил этилиб, унинг ваколатлари кенгайтирилмоқда.
Жумладан, Агентлик лицензияси чақириб олинган банкни санация қилишни молиялаштиришда (“paybox plus”) иштирок этиши белгиланмоқда. Мазкур механизм Чехия, Дания, Венгрия, Литва ва Қозоғистон каби давлатларда мавжуд. Амалдаги қонунчиликда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондининг ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилмаган бўлиб, унинг ваколати омонатларни қоплаб бериш билан чекланган, холос.
Бешинчидан: Агентлик кузатув кенгашига кафолатлаш фондининг тақчиллигини бартараф этиш функциясини юклаш.
Бу учун қуйидаги манбалардан маблағ жалб этиш ҳуқуқи берилмоқда:
- Марказий банк билан келишилган ҳолда махсус бадалларни киритиш. Амалда, банклар томонидан бир йўла (шаклланган устав капитали миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида) ҳамда календарь бадал (жисмоний шахслар омонатлари қолдиғидан келиб чиқиб, 0,5 фоизгача) тўланади.
- Давлат бюджетидан қарз маблағлари ёки Марказий банкнинг кредитларини ва бошқа манбалардан маблағлар жалб этиш;
Олтинчидан: омонатчилар маблағлари Агентлик томонидан қоплаб берилишини инобатга олиб, уларнинг банкдан талаб қилиш ҳуқуқи Агентликка ўтказилмоқда (суброгация).
Амалдаги қонунчиликда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондининг омонатларни қоплаб беришга йўналтирилган маблағларини қайтариш навбати белгиланмаган;
Еттинчидан: бадаллар ҳисобиган шакллантирилган кафолатлаш фондининг маблағлари етарли даражада бўлиши ҳамда инфляция ҳисобига ушбу маблағларнинг камайган қийматини ўрнини қоплаш учун ушбу маблағлар юқори ликвидли (етти иш куни ичида пул маблағларига айлаштирилиши мумкин бўлган таваккалчилиги паст) активларга жойлаштириши белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатлари таҳлилига асосланиб ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:
- банк тизими барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг маблағлари бут сақланишига;
- жамоатчиликнинг банк тизимига бўлган ишончини оширишга;
- кафолатланган омонат миқдори чекланишига қарамасдан омонатлар банкларга диверсификация қилиш орқали омонатларнинг тўлиқ кафолатланишига;
- кафолатланган омонат миқдори чекланганлиги сабабли омонатчилар ўз маблағларини фаолияти барқарор бўлмаган, бироқ жозибадор фоиз ставкаларини таклиф этаётган банкка эмас, балки барқарор молиявий ҳолатга эга бўлган банкка жойлаштиришга;
- банк лицензияси чақириб олинганда омонатчиларга маблағлар тезкорлик билан тўлаб берилишига эришилади.
Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилингандан сўнг Марказий банк ушбу Қонуннинг ижросини назоратга олиш ҳамда Қонун моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ва тадбиркорларга етказилишини таъминлашни кўзда тутган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банклардаги омонатларни ҳимоялашга оид янги қонун ишлаб чиқилиши ҳақида ўтган йилнинг ноябрь ойида маълум қилинган эди.
Марказий банк маълумотлари асосида тайёрланди
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 17 фоизгача оширди
Алоқабанк "Aloqa Ventures" венчур жамғармасини ташкил қилди
Бизнесни ривожлантириш банки Тошкент шаҳридаги Амити университети билан ҳамкорлик қилади