Тошкентда такси ҳайдовчиси мижоз номига микроқарз расмийлаштириб олди

21.01.2025 12:55

188

Тошкент шаҳрида такси ҳайдовчиси спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва салонда ухлаб қолган фуқаро номига 12 млн сўм миқдорида онлайн микроқарз расмийлаштириб олгани аниқланди. У кредит маблағининг бошқа танишининг картасига ўтказиб, банкоматдан нақдлаштириб олган.

Фотоскриншот: Тошкент шаҳар ИИББ / YouTube

Такси ҳайдовчиси спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқаро номига онлайн микроқарз расмийлаштириб олгани аниқланди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси.

Маълум бўлишича, транспортга чиққан мижоз телефонини ҳайдовчига манзил геолокациясини кўриб туриши учун тақдим этган ва автомобил салонида ухлаб қолган. Бундан фойдаланган такси ҳайдовчиси ва шериги мижоз номига 12 млн сўм миқдорида микроқарз расмийлаштирган.


“...Мен дугонамникидан чиқиб, йўлда такси тўхтатдим. Йигитлар билан гаплашдим, улар мени уйгача олиб бориб қўйишадиган бўлди. Кейин улар уйимнинг локациясини сўради, мен уларга телефонимни очиб бердим. Таксида тахмиман 20 дақиқача юрдик. Эртаси куни картамда қанча пул қолганини текшираётганимда кўрдимки, банкдан менинг номимга микроқарз олинган...”, деди жабрланувчи. 

Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотларга кўра, такси ҳайдовчилари мижоз номига расмийлаштирган микроқарзни ўз карталарига ўтказиб, банкомат орқали 10 млн сўмини нақдлаштириб олган. 

Мазкур ҳолат бўйича такси ҳайдовчиси ва унинг шеригига нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчига етказилган моддий зарар қоплаб берилган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, фуқаролар кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади. Юқоридаги ҳолат қайси банк иловаси ёрдамида содир қилингани ва бунда қўшимча биометрик идентификация амалга ошириш талаб қилинганми ёки йўқлиги ноъмалум.

Теглар:

#ўғирлик#микроқарз

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган