2024 йилда аҳоли ва банклар жами 25,5 млрд доллар валюта олди-сотдисини амалга оширди

20.01.2025 18:54

185

2024 йил давомида фуқаролар банкларга олдинги йилдагидан 31 фоизга кўпроқ — 16,1 млрд доллар миқдорида чет эл валютасини сотди. Йил мобайнида банклардан харид қилинган валюта миқдори унчалик ўзгармади — 9,4 млрд доллар. Аҳолининг валюта сотиш ва сотиб олишидаги йиллик жами ижобий тафовут 6,7 млрд долларни ташкил қилди.

Фото: NOVA24.uz

2024 йилнинг январ-декабрь ойларида аҳоли томонидан банкларга 16,1 млрд доллар миқдорида (+31 фоиз) чет эл валютаси сотилиб, банклардан 9,4 млрд доллар (+3 фоиз) харид қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳида маълумот келтирилган.

Жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлди.

2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (+4 млрд долл) кўпайиб, 25,5 млрд долларни ташкил этди.

"Шунингдек, валюта айирбошлаш шохобчалари умумий сони йил давомида 20 фоизга ошиб, 6,2 мингтага етказилди", дейилади МБ шарҳида.

Бунда, 24/7 режимида ишлайдиган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари сони 3,4 мингдан ортиқ бўлиб, улар аҳоли гавжум жойлар, туристик ҳудудлар, аэропортлар, вокзаллар, меҳмонхоналар ва савдо мажмуаларида жойлаштирилгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган йил мобайнида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми бўйича хабар берган эдик.



 

Теглар:

#валюта#шарҳ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган