2024 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши юқорилигича қолди

20.01.2025 15:38

223

2024 йилда Ўзбекистонга жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошиб, 14,8 млрд долларни ташкил қилди. Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Жами пул ўтказмалари таркибида тўғридан-тўғри картага (P2P) ўтказмалар улуши 40 фоизга етган.

Фото: Dzen.ru

2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўпайиб, 14,8 млрд долларни ташкил қилди (1-диаграммада). Бу ҳақда Марказий банк ўзининг "Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳ"ида маълумот берди.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари

Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн доллар), АҚШ (577 млн доллар), Жанубий Корея (534 млн доллар), Туркия (405 млн доллар), Буюк Британия (135 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.

Марказий банк 2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг 2023 йилга нисбатан ўсиши меҳнат миграцияси йўналишида кузатилган ижобий тенденциялар, хусусан мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаоллик, ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг ошиши ҳамда миграция географияси таркибида юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши билан изоҳллаган.

Хориждан юборилган маблағларнинг ойлар кесими бўйича таҳлилига кўра, 2024 йилда ўтказмалар динамикасининг шаклланишига меҳнат миграцияси билан боғлиқ мавсумийлик омили билан бирга меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган анъанавий мамлакатларда миллий валюта курсидаги тебранишлар ҳам таъсир кўрсатди.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари

2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан Буюк Британиядан 83 фоизга, Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсиш кузатилган.

Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 8,2 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 14 фоиз), 5,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 51 фоиз) ҳамда 774 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,1 баробар) амалга оширилган (3-диаграмма).

Хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалар тезкорлиги, қулайлиги ва нисбатан арзонлиги ҳисобига оммалашиб бормоқда. Биргина 2024 йилда P2P (онлайн) транзакциялар сони қарийб 71 миллионтага етган бўлса (2023 йилга нисбатан ўсиш 47 фоиз), ўтказмалар ҳажмининг келиб тушган жами маблағлар ҳажмидаги улуши 40 фоизгача кўпайди (2023 йилда 34 фоиз). 

Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилган.

Теглар:

#пул ўтказмалари#трансчегаравий_ўтказмалар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган