Ўзбекистон банкларининг 2023 йилги молиявий натижалари - солиштирма инфографика

Ўзбекистон банкларининг 2023 йилги молиявий натижалари - солиштирма инфографика

Фото: Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда фаолият олиб борган 35 та банк* жами қарийб 12 трлн 373 млрд сўм фойда олган. Бу - 2022 йил якунлари бўйича кўрсаткич (9 трлн 993 млрд сўм)дан қарийб 2,4 баробар кўпдир. Ўз фаолиятини 2023 йилда бошлаган учта банк - Yangi bank, Apex Bank ва Hayot Bank, шунингдек катта эҳтимол билан AVO bank (собиқ Ўзагроэкспортбанк) ўтган йилги фаолиятини молиявий зарар билан якунлаганлар.

Соф фойда миқдори бўйича етакчи 10 та банклар номлари 2022 йил якунидагидан деярли ўзгармаган. Фақатгина Алоқабанк етакчи "ўнталик"да Бизнесни ривожлантириш банкининг ўрнини "эгаллаган". Ипотека банкнинг хусусийлашгани ҳисобига бу йил "етакчи ўнталик"нинг 6 таси давлат тасарруфида бўлмаган банклар ҳисобланади. Хусусан, ушбу 10 та банклар - Ўзмиллийбанк (1716,5 млрд сўм), Капиталбанк (1629,7 млрд сўм), Ҳамкорбанк (1200,2 млрд сўм) Ўзсаноатқурилишбанк (911,7 млрд сўм), Ипотека-банк (818,9 млрд сўм), Трастбанк (800,3 млрд сўм), Агробанк (750,9 млрд сўм), Ипак Йўли банки (740,1 млрд сўм), Ориент Финанс банк (608,1 млрд сўм) ҳамда Алоқабанк (607,7 млрд сўм)лардир.

2023 йил якунида соф фойда даражасини 2022 йилга нисбатан нисбатан кўпроқ кўпайтиришга эришган Халқ банки (31 баробар), Тенге банк (9 баробар), Anor bank (3,4 баробар), Алоқабанк (2,7 баробар), Асака банк (2 баробар) ҳамда КДБ Банк Ўзбекистон (2 баробар)ни, шунингдек, 2022 йилни зарар билан якунлаган бўлса-да, 2023 йилда ижобий натижага эришган Октобанк (74,7 млрд сўм) ва TBC Bank (40,2 млрд сўм)ни алоҳида қайд этиш мумкин.

Шу ва бошқа банклар молиявий натижалари бўйича маълумотлар қуйидаги инфографикада берилган.

_____________

* AVO bank'нинг 9 ойлик якунлари бўйича маълумотлари ҳисобга олинган

×