Муомаладаги 200 минг сўмликлар кўпайиб, 100 минг ва 50 минг сўмликлар камайди

17.01.2025 14:52

38

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил давомида муомаладаги нақд пулларда 200 минг сўмлик банкнотлар улуши 18,6 фоиздан 23,4 фоизгача ортган, 100 минг сўмлик банкнотлар улуши 42,5 фоиздан 40,9 фоизгача, 50 минг сўмлик банкнотлар улуши эса 20,5 фоиздан 16,6 фоизга камайган.

Фото: Газета.уз

Ўзбекистон Марказий банки нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳни эълон қилди. Маълумотларга кўра, 2024 йил давомида МБ томонидан қўшимча нақд пулларнинг (янги намунадаги) муомалага чиқарилиши натижасида банкнотлар умумий сони 152 млн донага кўпайган.

Ўз навбатида, муомаладаги нақд пуллар таркибида уларнинг миқдори бўйича 200 000 сўмлик банкнотлар улуши 2024 йилда – 18,6 фоиздан 23,4 фоизга, 20 000 сўмликнинг улуши – 4,4 фоиздан 6,7 фоизга етган бўлса, 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 42,5 фоиздан 40,9 фоизга, 50 000 сўмликнинг улуши – 20,5 фоиздан 16,6 фоизга камайди.

Фото: Марказий банк

МБ томонидан муомаладаги эски намунадаги банкнотларни босқичма-босқич қайтариб олиш ва уларни янгилари билан алмаштириш чоралари кўрилган. Натижада, 5 000 сўмлик банкнотлар таркибида эски намунадаги банкнотлар миқдори 2023 йилдаги 67 фоиздан 2024 йилда 25 фоизга, 10 000 сўмлик банкнотларда – 64 фоиздан 24 фоизга, 50 000 сўмлик банкнотларда – 61 фоиздан 25 фоизга ва 100 000 сўмлик банкнотларда – 39 фоиздан 18 фоизга қисқарган.

Фото: Марказий банк

“Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2024 йил давомида қўшимча 54,5 млрд сўмлик янги 6 тангалар муомалага чиқарилди ҳамда уларнинг жами муомаладаги нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,3 фоизни ташкил этди”, дейилади регулятор шарҳида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йил давомида Ўзбекистонда пул массаси 65 трлн сўмга кўпайгани ҳақида хабар берган эдик.



Теглар:

#нақд_пуллар#шарҳ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган