Ўзбекистон Марказий банки нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳни эълон қилди. Унда келтирилгин маълумотларга кўра, 2024 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 1 011 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 22 фоизга ошган. Бунда нақд пул тушумлари – 501 трлн сўм, берилган нақд пуллар – 510 трлн сўмни ташкил қилди. Муомаладаги нақд пуллар эса ўтган йил бошига нисбатан 17 фоизга ошди.
Шунингдек, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилга нисбатан 87 трлн сўмга ёки 21 фоизга ўсган. Хусусан, банк хизматларидан нақд пул тушумлари 33 трлн сўмга, савдо тушумлари 22 трлн сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 16 трлн сўмга кўп бўлди.
Фото: Марказий банк
Шу билан бирга, 2024 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар 2023 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, 1 034 трлн сўмга етган. Ушбу даврда банк карталаридаги 226 трлн сўм (2023 йилга нисбатан 19,5 фоиз кўп) маблағлар нақдлаштириб олинган.
Фото: Марказий банк
2024 йилда банк кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали жами берилган нақд пуллар 2023 йилга нисбатан 92 трлн сўмга ёки 22 фоизга ошгани қайд этилди. Мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 37 трлн сўмга ҳамда банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган нақд пуллар ҳажмининг 27 трлн сўмга ўсиши ҳисобига юзага келган.
Фото: Марказий банк
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йил давомида Ўзбекистонда пул массаси 65 трлн сўмга кўпайгани ҳақида хабар берган эдик.