Ноябрда нақд пуллар ҳажми 2,6 трлн сўмга камайди

18.12.2024 15:21

101

Марказий банк маълумотларига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистондаги умумий нақд пуллар ҳажми октябрь ойидаги 54 трлн сўмдан 51,4 трлн сўмгача камайди. Бу февраль ойидан бери илк марта пасайиш ҳисобланади.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистондаги умумий нақд пуллар ҳажми 2,6 трлн сўмга камайди.

Жумладан, нақд пуллар ҳажми октябрь ойида 54 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, ноябрга келиб ушбу нақд пуллар 51,4 трлн сўмгача камайди. Бу февраль ойидан бери илк марта пасайиш ҳисобланади. 

Шунингдек, кенг маънодаги пул массасида ҳам пасайиш кузатилган. Хусусан, октябрь ойида пул массаси 8,8 трлн сўмга ошган ва қарийб 265 трлн сўмга етганди. Ноябрда мазкур кўрсаткич 2,3 трлн сўмга камайган ҳолда жами 262,4 трлн сўмгача пасайган.

Кенг маънодаги пул массаси (М2) — Марказий банк ва бошқа тижорат банклари мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланади. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади. 

Шу билан бирга, сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар — 53,6 трлн сўмдан 52,97 трлн сўмгача камайди. Миллий валютадаги бошқа депозитлар эса 3,6 трлн сўмга ошди ҳамда 102,7 трлн сўмга тенг бўлди. Бу эса 2013 йил бошидан бери қайд этилган максимум кўрсаткичдир.

Чет эл валютасидаги депозитлар (сўмдаги эквивалентда) эса 2,7 трлн сўмга ошди ва 55,56 трлн сўмни ташкил қилди.

Аввалроқ, ноябрда юридик шахслар учун хорижий валютадаги муддатли депозитларнинг ўртача фоиз ставкаси эса 2024 йилдаги максимум даража — 6,3 фоизгача кўтарилгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар:

#нақд_пуллар#пул_массаси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган