Ноябрь ойида банклардаги муаммоли кредитлар 433 млрд сўмга кўпайди

24.12.2024 13:15

333

Муаммоли кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши деярли ўзгаришсиз — 4,3 фоиз даражасида қолган. NPL ҳажмининг ўсишига Ўзмиллийбанк, Мадад Инвест банк ва Капиталбанкларда муаммоли кредитларнинг нисбатан кўпроқ ошгани сабаб бўлган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил ноябрь ойида банкларнинг кредит портфели 4,86 трлн сўмга кўпайиб, унинг жами қолдиғи 525,9 трлн сўмга етган.

Давлат банклари орасида фақатгина Агробанкда (-548,9 млрд сўм) кредит қолдиғи камайган. Қолган давлат банкларининг барчасида кредитлар қолдиғи ортиши ҳисобига давлат банклари кредит портфели 1,9 трлн сўмга ортган. Хусусий ва бошқа банкларнинг жами кредит портфели эса 2 трлн 927 млрд сўмга ошган. Бошқа банклар орасида жами 6 та банкда кредит қолдиғи камайган. Кредит портфелда энг катта пасайиш Ипотека банк (-143 млрд сўм)да кузатилган.

NPL

Муаммоли кредитлар (NPL) қолдиғи банк тизими бўйича ой давомида 433 млрд сўмга кўпайган ва 22,4 трлн сўмдан ошган. NPL қолдиғи давлат банкларида 21 млрд сўмга кўпайган бўлса, бошқа банкларда ўсиш 412 млрд сўмга тенг бўлган.

Хусусан, муаммоли кредитлар ўсиши асосан Ўзмиллийбанк (+270 млрд сўм), Мадад Инвест банк (+212 млрд сўм), Капиталбанк (+127 млрд сўм) ҳисобига тўғри келган. Ноябрь ойи давомида муаммоли кредитларни нисбатан кўпроқ сўндирган банк Бизнесни ривожлантириш банки (-113,6 млрд сўм) бўлган.

Кредит портфелдаги NPL улуши 4,27 фоизни (ойлик ўзгариш +0,04 фоиз) ташкил қилган.

Манба: cbu.uz

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида муаммоли кредитлар қарийб 500 млрд сўмга ортганди.

Теглар:

#NPL#муаммоли_кредитлар#тижорат_банклари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган