Марказий банк маълумотларига кўра, ноябрь ойида жисмоний шахслар учун миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 22,1 фоиз даражасида сақланиб қолган.
Шунингдек, ноябрда бизнес учун муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка октябрь ойига нисбатан 0,8 фоизга пасайиб, 16,3 фоизга тенг бўлган. Йил бошидан бери бундай паст кўрсаткич фақатгина сентябрь ва май ойида кузатилган, ўшанда ҳам юридик шахслар учун муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 16,2 фоизни ташкил қилганди.
Ўтган ой якунига кўра, жисмоний шахслар учун миллий валютадаги кредитлар бўйича ставка бироз кўтарилган ва 24,3 фоизни (август ойида — 23,9%) ташкил этган. Юридик шахслар учун бу кўрсаткич 22,7 фоиз даражасида сақланиб қолган.
Манба: Марказий банк
Хориж валютасидаги депозит ва кредитлар
Ноябрда жисмоний шахслар учун хорижий валютадаги депозитларнинг фоиз ставкаларида ўсиш кузатилган. Йил бошидаги 4,9 фоизлик ставкалар ноябрь охирига келиб 5 фоизга тенг бўлган.
Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари июль ойидаги 3,5 фоизгача пасайишдан сўнг, йилнинг ўн биринчи ойига келиб кескин кўтарилди ва 6,3 фоизни ташкил қилди. Бу ўтган ойдаги (4,8%) ставкаларга нисбатан 1,5 фоизга кўпроқ ва 2024 йилдаги энг максимум кўрсаткич ҳисобланади.
Хориж валютасидаги қисқа муддатли кредитлар фоиз ставкалари 10,8 фоизгача ошган бўлса (йил бошида 10,4 фоиз бўлган), узоқ муддатли кредитлар октябрга нисбатан арзонлаган ва 9,7 фоизга тенг бўлган.
Манба: Марказий банк