Алоқабанк устав капиталини ошириш мақсадида 500 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқармоқда. Бу ҳақда банк акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.
Акциялар эгасининг номи ёзилган ҳужжатсиз оддий акциялар шаклда номинал қиймати 1 (бир) сўм бўлган, 500 млрд дона ёки номинал қиймати бўйича 500 млрд сўм миқдорида белгиланган.
Шу тариқа, Алоқабанкнинг устав капитали 2,51 трлн сўмга етказилиши режалаштирилган.
Чиқарилишдаги акцияларнинг имтиёзли ҳуқуқни фойдаланишдан кейин қолган қисми қуйидаги шахсларга мутаносиб равишда жойлаштирилади:
- Ахмедов Махмуд Мадаминович,
- Каримов Зоиржон Тохирович,
- Хайдаров Акрам Адхамович,
- Юнусалиев Шухрат Рахимович,
- Фозилов Ҳусанжон Неъматович.
Акциядорларнинг очиқланган қарорида ушбу шахслар ҳақида маълумот берилмаган. Bankers.uz ўз манбалари ва суриштирувларига кўра, мазкур шахсларнинг ўзаро алоқаси бўлиши мумкинлигини аниқлади.
Очиқ маълумотларга кўра, Ахмедов Махмуд Мадаминович "Farg'ona Ishonch Savdo" МЧЖнинг 86,90 фоизига, "Ishonch Med Klinik Servis" МЧЖнинг 100 фоизига, "Nurafshon Metan Savdo" МЧЖнинг 50 фоизига эгалик қилади. "Farg'ona Ishonch Savdo" МЧЖнинг 13,10% улуши Мухсинжон Мамадалиевга тегишли.
Рўйхатда келтирилган Зоиржон Каримов "Quqonboy Fahri" МЧЖнинг ягона таъсисчиси, Шухрат Юнусалиев эса ушбу ташкилотнинг раҳбари сифатида кўрсатилган. Шунингдек, З.Каримов "TRUST TRADE ASIA" МЧЖнинг 85 фоизига эгалик қилади. Компаниянинг қолган 15% улуши Фаррух Каххоровга тегишлилиги кўрсатилган.
Шухрат Юнусалиев "Kids World Of Goods" МЧЖнинг (Тошкент шаҳри) ягона таъсисчиси ҳамда "Finance Partner Mikromoliya Tashkiloti" МЧЖнинг 50% улушига эгалик қилади.
Акрам Адхамович Хайдаров "Ishonch Kredit Savdo" МЧЖ ("Ishonch" дўконлар тармоғи)нинг 2020 йилги уставида компаниянинг 94,80% улушига эгалик қилиши кўрсатилган. Айни пайтда у компания таъсисчилари орасида мавжуд эмас. Ҳозирда ушбу компаниянинг 49 фоизига Фаррух Рахмонович Каххоров, 26 фоизига эса Мухсинжон Мамадалиев эгалик қилади.
А.Хайдаровнинг бир неча корхоналардаги улушлари уч шахсга — Каххаров Фаррух Рахмонович, Мамадалиев Мухсинжон Абдурасулович, Тошназаров Маъруфжон Мухтаровичларга ўтказилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, А.Хайдаров "Hamroh Mikromoliya Tashkiloti" МЧЖнинг таъсисчилари - Хайдаровлар оиласига яқин бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Ахрор Адхамжонович Хайдаров "Fortuna Biznes" ҳамда "Водий тараққиёт" микромолия ташкилотларининг асосий акциядори саналади.
Фозилов Ҳусанжон Неъматович ҳам "Hamroh Mikromoliya Tashkiloti" МЧЖнинг таъсисчилари қаторига киради. У микромолия ташкилотининг 18,20% улуши эгаси ҳисобланади. Шунингдек, Ҳ.Фозилов "Good Price Trade Center" МЧЖ ҳамда "New Important Trade Senter" МЧЖларнинг 100 фоизига, "Marg'ilon Gipermarketi" МЧЖнинг 11,17 фоизига, "Endo-Art Technology" МЧЖнинг 0,05 фоизига ҳам эгалик қилади.
Юқоридаги бешта шахснинг деярли барча тижорат компаниялари Фарғона вилоятида жойлашган.