Davr bankʻга нисбатан молиявий жарима қўлланилди

Davr bankʻга нисбатан молиявий жарима қўлланилди

“Davr Bank” АТБ реклама талабларини бузгани учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, “Davr Bank” АТБ томонидан эълон қилинган ташқи рекламаларда “Davr mobile иловасида 50 млн сўмгача онлайн микрокредит” мазмунидаги реклама ахбороти берилганлиги кузатилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, “Davr mobile” иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, микроқарз муддати – 60 ойгача, фоиз ставкаси – 43 фоиз, қарз миқдори – 50 млн сўм этиб белгиланганлиги аниқланган.

Микро қарз бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

Шунингдек, Тошкент шахрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида “Тадбиркорлар учун 5 млрд сўмгача кредит, 24 фоиздан" мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:

  • асосий воситаларни сотиб олиш учун;
  • муддати – 60 ойгача;
  • фоиз ставкаси – 32,99 фоиз;
  • миқдори – 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.

Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

"Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “Davr Bank” АТБга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди", дея хабар бермоқда қўмита

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль-август ойларида Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан Ипотека банк, AVO Bank, Ориент Финанс банк, Ipak Yo'li Banki ҳамда Universalbank, Hamkorbank'ларга молиявий жарималар қўллаган эди. Davr Bank иши қўмита томонидан реклама қонунчилиги бузилган, деб топилган йил мобайнидаги еттинчи ҳолат ҳисобланади.

Теглар:
×