Фото: Асакабанк
"Асакабанк" АЖ Бошқарувининг 25.10.2024 йилдаги 1025-02-сонли қарорига биноан Жиззах шаҳрида жойлашган "Ўзбекистон" меҳмонхонаси очиқ савдога қўйилди. Бу ҳақда э-аукцион порталида эълон берилган.
Бино 1988 йилда қурилиб, 2018 йилда қайта таъмирланган. Меҳмонхона 2022 йилда ҳам 36,7 млрд сўмлик бошланғич қиймат билан аукционга қўйилган эди. Аммо меҳмонхона сотилмади, 2024 йилга келиб, Асакабанк уни яна сотувга қўйди.
Меҳмонхона 9 қаватли бўлиб, жами хоналар сони 112 тани ташкил этади. Бино ичида 2 та йиғилишлар ўтказиш учун катта зал, овқатланиш зали, сауна, бар, кўнгилочар ўйинлар учун кенг заллари мавжуд.
Меҳмонхона ҳовлисида сузиш хавзаси (бассейн), ташқи бар, замонавий иситиш-совутиш тизими чиллерлари мавжуд. Меҳмонхона барча жиҳозлари билан биргаликда аукцион савдоларига чиқарилган.
Объектнинг бошланғич қиймати 42 млрд 601,9 млн сўм этиб белгиланган. Савдонинг бошланиш вақти 16 декабрь, аризаларни қабул қилиш шу санага қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алоқабанк балансидаги Тошкент чинни заводи сотувга чиқарилганди.