Фото: Марказий банк
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолатида микромолия ташкилотларининг (ММТ) кредит портфели 6,7 трлн сўмни ташкил қилди. Кредит портфелдаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 3 фоизга ёки 200,6 млрд сўмга тенг бўлган.
Йил бошига нисбатан ММТларнинг кредит қолдиғи 63,8 фоизга ёки 2,6 трлн сўмга ортган бўлса, муаммоли кредитлар эса 129 фоизга ёки 113 млрд сўмга ортган. Шу тариқа NPL улуши йил бошидаги 2,1 фоиздан 3 фоизгача кўтарилган.
ММТлар жами кредит портфелининг 56 фоизи учта ташкилот - Shaffof-Moliya (2,1 трлн сўм), Fortuna Biznes (1 трлн 35 млрд сўм) ҳамда Водий Тараққиёт (600 млрд сўм) улушига тўғри келади.
Маълумот учун, Аҳрор Ҳайдаров Fortuna Biznes нинг 98 фоизига, Водий тараққиётнинг 65 фоизига эгалик қилади.
Shaffof-Moliya компаниясининг кредит портфели йил бошидан бери 1 трлн сўмдан кўпроққа ошган.
Uzum Nasiya платформасида эса "Shaffof-Moliya" МЧЖ билан ўзаро ҳамкорликда мижозларга микромолия, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича оммавий оферта мавжуд.
Ушбу сектордаги NPL нинг 56,87 фоизи (114,1 млрд сўм) Shaffof-Moliya га тегишли бўлиб, ушбу компаниянинг кредит портфелидаги NPL улуши 5,4 фоизни ташкил қилади.
Янги Финанс ташкилоти кредит портфели кичиклигига қарамасдан NPL миқдори бўйича иккинчи ўринни банд этган. Мазкур компаниянинг 129,8 млрд сўмлик кредит портфелининг 14,7 фоизи (19,1 млрд сўм) муаммоли кредитлар ҳисобига тўғри келади.
Ундан кейинги ўринларни Fortuna Biznes (NPL миқдори - 8,8 млрд сўм), Водий тараққиёт (6,5 млрд сўм) ҳамда PulMan (5,7 млрд сўм) ташкилотлари эгаллаган.
Қайд этиш лозимки, 1 март ҳолатида Ўзбекистонда 86 та ММТ фаолият кўрсатган бўлса, 1 ноябрь ҳолатида уларнинг сони 94 тага етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Bankers.uz Ўзбекистондаги микрокредит ташкилотлари кўрсаткичлари бўйича уларнинг рейтингини тузиб чиққанди.