Талабалар учун банк карталари

Талабалар учун банк карталари

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ олий ўқув юртларида "Талабанинг универсал банк картаси" лойиҳасини йўлга қўйиш белгиланган эди. Ўтган йилнинг июль ойида мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида собиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов "AloqaBank" АТ бошқарув раиси Кaммуна Ирисбекова билан учрашди.

Фото: edu.uz

Мулоқот давомида, талабалар банк картасидан гувоҳнома сифатида фойдаланиши, шунингдек, ётоқхоналар, кутубхоналар, спорт мажмуаларига кириш, онлайн микроқарзларни расмийлаштириш, омонатлар ва электрон ҳамёнлар очиш, пул ўтказмаларини амалга ошириш, шунингдек, халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилиш ва масофавий банк хизматларининг барча турларидан фойдаланишлари учун имкониятлар яратишга келишиб олинди. Шундай қилиб, Алоқабанк биринчилардан бўлиб "Талаба картаси" лойиҳасини бошлаб берди.

Алоқабанк “Талаба картаси”

2023 йилнинг октябрь ойида ICTWEEK UZBEKISTAN 2023 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги очилишида AloqaBank'нинг "Талаба картаси" янги рақамли лойиҳаси тақдим этилди.

Фото: Алоқабанк

Алоқабанкка қарашли "Талаба картаси" лойиҳаси бир вақтнинг ўзида талаба гувоҳномаси, таълим муассасаси ва кутубхонага рухсатнома, VISA тўлов тизимидаги банк картаси, онлайн тўловлар учун восита, транспорт картаси (АТТО) каби хизмат турларини ўз ичига қамраб олган. Бугунги кунда тажриба сифатида "Талаба картаси" собиқ Тошкент Молия институти ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ишга туширилди, лекин кейинчалик лойиҳани бошқа олий таълим муассасаларида ҳам амалга ошириш режалаштирилган.

Халқ банкининг “Талаба кредит картаси”

Ушбу кредит карта Халқ банки томонидан Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида стипендия асосида таҳсил олаётган, семестр баллари 71 ва ундан юқори бўлган талабаларга ажратилади. Карта орқали 2,7 млн сўмгача кредит олиш ва 12 ойга бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. Йиллик фоиз ставкаси 23 фоизга тенг. Кредит олиш учун ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг уч банк иш кунида кўриб чиқилади.

Ипотекабанк “Талаба картаси”

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ипотекабанк UZCARD билан ҳамкорликда талабалар учун махсус яратилган янги универсал талаба картасини ишга туширди.

Фото: Ипотекабанк

Ушбу замонавий карта нафақат тўлов картаси вазифасини бажаради, балки кўплаб қўшимча имкониятларни ҳам тақдим этади:

  • жамоат транспортида йўл ҳақини имтиёзли нархларда тўлаш;
  • ётоқхоналар, кутубхоналар ва спорт мажмуаларига кириш;
  • омонатлар ва электрон ҳамёнларни очиш;
  • барча турдаги масофавий банк хизматларидан фойдаланиш.

Картани расмийлаштириш бутунлай бепул ва амал қилиш муддати 5 йил. Картани очиш учун талабалар Ипотекабанк филиалларига мурожаат қилишлари мумкин.

Гарант банк "Student Card"

Student Card бу ISIC (Халқаро талаба идентификация картаси) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган HUMO ва MasterCard асосидаги банк картаси ҳисобланади. Ушбу картани ОТМнинг барча талабалари расмийлаштиришлари мумкин. ISIC талабанинг мақомини расман тасдиқловчи ягона халқаро талаба картаси саналади. Тез кунларда ишга туширилиши режалаштирилаётган бу лойиҳа орқали талабалар битта карта билан дунёнинг 130 та мамлакатидаги кўплаб фойдали иловалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Фото: Гарант банк

Шунингдек картa орқали талабалар қуйидаги қулайликларга эга бўлади:

  • талаба карталари эгалари учун алоҳида шарт-шароитларни тақдим этувчи Тошкент бўйича 100 дан ортиқ ҳамкорлар;
  • ISIC карталари эгаларига алоҳида шартларни таклиф қилувчи бутун дунё бўйлаб 150 000 дан ортиқ ҳамкорлар;
  • IELTS ва TOEFL имтиҳонларини топширишнинг мақбул нархи;
  • бутун дунё бўйлаб авиақатновлар, меҳмонхоналар, ўқув курслари, ресторанлар ва бошқа кўплаб муассасалар учун махсус нархлар;
  • Гарант банк банкоматларида нақд пул маблағларини ечиб олиш - 0,7% билан;
  • Карта ЮНEСКО томонидан тан олинган ва сизга талабалик мақомингизни тасдиқлаш имконини беради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1,3 млндан ортиқ талаба олийгоҳларда таълим олади. Айрим банклар томонидан олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда банк картасидан талаба маълумотларини ўзида жамлаган ID карта сифатида фойдаланиш имконияти йўлга қўйилмоқда.

 

×