Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан InFinBank’га нисбатан молиявий жарима қўлланилди

05.11.2024 06:12

597

Рақобат қўмитаси InFinBank'нинг Тошкент шаҳридаги ташқи реклама объектларида кредит ҳақида ахборот тўлиқ берилмагани сабаб, банкка молиявий жарима қўллади. Бу — июль ойидан буён Қўмита томонидан реклама қонунчилиги бузилган деб топилган саккизинчи банкдир.

Фото: Bankers.uz

“Invest Finans Bank” АТБ реклама талабларини бузгани учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “InFinBank” АЖнинг кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилганлиги аниқланган. Жумладан, банк томонидан Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида эълон қилинган “50 000 000 танишларсиз, 50 кун фоизларсиз, 5 йилга, таътил учун, таъмирлаш учун, техника учун” мазмунидаги реклама ахбороти берилганлиги кузатилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, фақатгина “INFIN BLACK” кредит картаси учун 50 миллион сўмгача, 60 ойга, йиллик 23,99 фоиздан кредит ажратилиши, картадан нақд пул ечиш 2 фоиз, картадан картага пул ўтказиш 1 фоиз, алоҳида белгиланадиган фоиз ставкаси йиллик 25,55 фоиздан 54,75 фоизгача кўрсатилган. Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

“Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан InFinBank га нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди” дейилади Қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль-октябрь ойларида Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан Ипотека банк, AVO Bank, Ориент Финанс банк, Ipak Yo li Banki ҳамда Universalbank, Hamkorbank, Davr Bank ларга нисбатан молиявий жарималар қўллаган эди. Invest Finans Bank иши қўмита томонидан реклама қонунчилиги бузилган, деб топилган йил мобайнидаги саккизинчи ҳолат ҳисобланади.

 

Теглар:

#Рақобат_қўмитаси#жарима

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган