“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ 2024 йил бошидан буён 161,2 млрд сўм миқдорида соф фойда олди. Бу ҳақда компания ўз молиявий ҳисоботида маълум қилди.
Тўққиз ой давомида компания молиявий даромадлари 199,6 млрд сўмни, харажатлар эса 19,6 млрд сўмдан зиёдроқни ташкил этган.
Йил мобайнида компаниянинг узоқ муддатли инвестициялар ҳажми 51,2 млрд сўмга етди. Компанияга қарашли активлар ҳажми йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 432 фоизга ошиб, 5,2 трлн сўмга тенг бўлди. Компаниянинг жами капитали 1,4 трлн сўмдан кўпроқни ташкил қилган.
Ҳисоботга кўра, Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясининг солиқдан ташқари соф даромади 182,7 млрд сўмдан иборат. Компания 9 ой давомида бюджетга 21,5 млрд сўм миқдорида солиқ тўлади.
Маълумот учун, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси Президентнинг 193-сонли Фармони билан 2023 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган. Фармонга кўра, компания фаолияти кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш каби вазифаларга йўналтирилади. Компанияга 2024 йил охирига қадар бюджетдан 1,2 трлн сўм миқдорида ссуда ажратилиши белгиланган. Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги компанияга халқаро ташкилотлардан 100 млн доллар миқдорида маблағлар жалб этиши таъкидланган.
"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари қуйидагилар:
- Устав капиталга улуш киритиш.
- Хизматлар ипотекаси.
- Компания ресурслари ҳисобидан кредит (лизинг) ажратиш.
- Кафиллик тақдим этиш.
- Тижорат банклари кредит (лизинг)лари бўйича компенсация тақдим этиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 6 йилда тадбиркорларга 17,1 трлн сўм миқдорида ёрдам ажратгани ҳақида хабар берилганди.