Фото: Bankers.uz
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жорий йилнинг июль-август ойларида жами 5 та банкка молиявий жарима қўллади. Молиявий жарималарга "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг у ёки бу банди бузилиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Ипотека банк
2024 йил 10 июлда Қўмита Ипотека банкнинг "Super" номли омонатининг банк саҳифаларида реклама қилинишида қонунбузарлик ҳоалтлари борлиги аниқланганини маълум қилди. Баёнотда банкнинг “Super” номли омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 26 фоиздан эканлиги баён этилган бўлиб, қўмита аниқлик киритишича, ушбу омонат шартлари бўйича дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан ва кейинги уч ой учун 14 фоиздан ҳисобланиши, худди шунингдек, онлайн қабул қилинган депозит пул маблағлари бўйича эса мос равишда 26,09 ва 14 фоиздан ҳисобланиши маълум бўлган. Бунда, “Super” номли омонат тури бўйича фақатгина дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан пул маблағлари берилса-да, ижтимоий тармоқдаги реклама ахборотида омонатнинг муҳим шартлари очиб берилмагани қайд этилган.
Қўмита рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкинлигини инлбатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси, 43-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “Ипотека банк” АТИБга нисбатан иш қўзғатган.
Кейинчалик, 20 июль куни Қўмитанинг истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссияси юқоридаги ҳолатда “Ипотека банк” АТИБ томонидан номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйган деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилингани маълум қилди. Баёнотда қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилгани айтилди.
AVO Bank
22 июль куни Рақобат қўмитаси реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан "AVO Bank” АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, “AVO Bank” АЖ (рақамли банк) кўрсатаётган хизматлари ҳақида нотўғри реклама тарқатаётганлиги юзасидан Қўмитага мурожаат келиб тушган.
Хусусан мурожаатда, банк сайтининг “AVO bonuslari” саҳифасидаги реклама ахборотларида “250 000 so‘m Har bir yangi mijozga”, “+250 000 so‘m Sizga va AVOning har bir yangi mijoziga”, “Hisobingizga 250 000 so‘m olish” ва “Kartaga 250 000 so‘m olish” каби маълумотлар кўрсатилганлиги, бироқ, банк томонидан ҳар бир янги мижозга 250 000 сўм пул берилмаслиги, мазкур пул кўринишидаги бонусларни олиш учун банк мижози маълум бир ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, шунда ҳам мижозга 250 000 сўм пул маблағи нақд пул кўринишида тақдим этилмасдан банкнинг мобил иловаси орқали бонус баллари кўринишида тақдим этилиши маълум қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида “AVO Bank” АЖнинг расмий веб-сайтида “AVO Ўзбекистондаги энг қулай мобил банк” мазмунидаги реклама жойлаштирилганлиги, шунингдек, банк томонидан ҳар бир янги мижоз учун 1 бонус бали 1 сўмга тенг бўлган бонус баллари тақдим этилиши, мижознинг ўз хоҳишига кўра ушбу бонусларни пул маблағларига алмаштириши ёки банкнинг кўрсатган хизматлари учун тўлов сифатида ишлатиши мумкинлиги белгиланганлиги, шу сабабдан реклама ахборотларида “Har bir yangi mijoz uchun 250 000 so‘m oling”, “Har bir taklif qilingan shaxs uchun 50 000 so‘m”, “Hisob raqamiga 250 000 so‘m oling” мазмунидаги иборалардан фойдаланилганлиги, бироқ, “AVO Bank” АЖнинг ушбу пул маблағларини мижозларнинг ҳисоб-рақамларига тўғридан-тўғри ўтказиб бериш имкони мавжуд эмаслиги аниқлангани айтилган.
Шу билан биргаликда, “AVO Bank” АЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ташқи реклама воситаларида тарқатилган реклама ахборотлари қўшимча равишда ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, турли манбалар орқали эълон қилинган реклама ахборотларида “AVO Bank” АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси ҳақида жойлаштирилган маълумотларида “AVO platinum kredit kartasi - har qanday xarid uchun 0% stavka” hamda “AVO platinum kredit kartasi – 2 millionga xarid qilib, 2 million qaytarish” деган мазмундаги иборалар фойдаланилганлиги кузатилган.
Қўмита баёнотида айтилишича, “AVO Bank” АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси маблағларидан фойдаланиш шартларига кўра, мижозларнинг ушбу кредит карталари орқали амалга оширган харид суммалари учун 45 кун давомида фоизлар ҳисобланмаслиги, харид амалга оширилган санадан 45 кун ўтгач ушбу пул маблағлари учун белгиланган тартибда кредит фоизлари ҳисобланиши маълум бўлган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси биринчи қисми ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “AVO Bank” АЖга нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги натижасида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.
Orient Finans Bank
29 июль кунги ахборотда Рақобат қўмитаси “Orient Finans” ХАТБ Термиз филиали томонидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама воситаларини қонунийлиги юзасидан мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Мазкур ҳолат ўрганилганда, банк филиали томонидан Термиз шаҳри Ҳаким Ат-Термизий кўчасидаги банк офиси олдида ўрнатилган ташқи реклама воситаларининг ўрнатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари (паспорт, гувоҳнома, рухсатнома ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар) мавжуд эмаслиги ҳамда реклама ахборотини тарқатиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан белгиланган тартибда шартномалар имзоланмасдан келинганлиги аниқланган. Юқоридагиларни инобатга олиб, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 24 ва 25 моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “Orient Finans” ХАТБ Термиз филиалига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси бўйича молиявий жарима қўлланилган.
Ipak Yo'li Banki
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Ipak Yo‘li” АИТБ томонидан эълон қилинган “Универсал” ва “Миллий” номли омонат турлари рекламасида “Универсал” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 22 фоиз, “Миллий” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоиз эканлиги ҳақида ахборотлар берилганлиги кузатилган. Шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида “Универсал” омонат тури бўйича омонатга қўйилган маблағлар бўйича йилнинг дастлабки 6 ойи учун депозит ҳисобрақамлари ёпилиши муддатига қараб йиллик 14 фоиз ставка ва йилнинг кейинги 6 ойи учун 18 фоиз ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида маълумот кўрсатиб ўтилган. Аммо юқорида келтириб ўтилган реклама воситаларида “Универсал” номли омонат тури ҳақидаги бошқа муҳим маълумотлар тўлиқ берилмаганлиги ҳолати аниқланди. Юқоридагиларга асосан, Махсус комиссия “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 43 моддалари ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “Ipak Yo‘li” АИТБга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилган.
Мазкур ҳолат бўйича банк томонидан қуйидагича муносабат берилди:
Ипак Йўли банки яқинда мижозларимиз учун маълумотларнинг мавжудлиги, хусусан, депозит маҳсулоти масаласи бўйича хабарлар билан боғлиқ вазиятни ойдинлаштиришни зарур деб ҳисоблайди. Бизнинг асосий вазифамиз - банкнинг маҳсулот ва хизматлари ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотларни тақдим этиш. Биз уни иложи борича тушунарли ва оммабоп қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Ушбу ҳолатда, ташқи LED экранларида депозит маҳсулотини ёритишда расмий веб-сайтимизда мавжуд бўлган қўшимча маълумотларга бевосита ҳавола мавжуд бўлмаган. Бу мижозларимиз ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқиши мумкинлигини тушунамиз. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва келгусида бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун зарур бўлган ўзгартиришларни киритдик.
Банк мижозлар билан мулоқот қилишда доимо очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилишини таъкидлаб, фикр-мулоҳаза ва таклифларга тезкорлик билан эътибор қаратишини, банк билан ўзаро алоқани янада қулай қилиш учун доимий равишда жараёнларини яхшилашини айтган.
Universalbank
30 август куни Қўмита реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан "Universalbank" АТБга нисбатан молиявий жарима қўлланилганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, мазкур банк томонидан эълон қилинган “Сармоя 25” номли омонат тури рекламасида ушбу омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоизни ташкил этиши ҳақида ахборот берилганлиги кузатилган. Ушбу реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, банк томонидан таклиф этилаётган “Сармоя–25” омонатнинг шартларига кўра, омонатнинг муддати 18 ой бўлиб, йиллик фоиз ставкаси 22 % ташкил этиши, фоизлар ҳар ойда тўланиши ва капитализация қилинмаслиги ҳолати маълум қилинган. Бундан ташқари омонат тури юзасидан бошқа муҳим маълумотлар (омонат муддати, омонат киритишнинг энг кам миқдори ва бошқалар) берилмаганлиги ҳолатлари аниқлангани таъкидланди. Шу сабабли, қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “Universalbank” АТБга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилган.
Тасодифий хабарлар
Трастбанк "Қушбеги" банк хизматлари марказини очди
Марказий банкнинг Жиззах вилояти Бош бошқармасига янги бошлиқ тайинланди
Агробанк жамоаси умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этмоқда — фото