Тўққиз ойда банклар орқали нақд пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган

22.10.2024 13:18

299

Timer  png5 дақиқада ўқилади
2024 йил январь-сентябрь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 727 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ошди.

2024 йил январь-сентябрь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 727 трлн сўмни (нақд пул тушумлари – 360 трлн сўм, берилган нақд пуллар – 367 трлн сўм) ташкил этгани ҳолда, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2024 йил январь-сентябрь ойлари учун \"Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ\"ида маълум қилинди.

Марказий банк томонидан иқтисодиётни зарур миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш ҳамда ортиқча нақд пулларни муомаладан қайтариб олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиб борилмоқда, дея қайд этилди МБ шарҳида.

Шунингдек, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66 трлн сўмга ёки 23 фоизга ўсди. Хусусан, банк хизматларидан нақд пул тушумлари 23 трлн сўмга, савдо тушумлари 19 трлн сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 13 трлн сўмга ошди.

Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси трлн сўмда. Манба: Марказий банк

Жорий йилнинг 9 ойида банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали жами берилган нақд пуллар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 68 трлн сўмга ёки 23 фоизга ошди. Мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 30 трлн сўмга ҳамда банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш ҳажмининг 21 трлн сўмга ўсиши ҳисобига юзага келди.

Банклардан нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг мақсадлари бўйича таркибий динамикаси трлн сўмда. Манба: Марказий банк

2024 йил январь-сентябрь ойларида банк карталарига кирим қилинган маблағлар (740 трлн сўм) 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошиб, ушбу даврда банк карталаридаги 167 трлн сўм маблағлар нақдлаштириб олинди.

Банк карталарига келиб тушган маблағлар ва уларни нақдлаштириш ҳажмлари динамикаси трлн сўмда. Манба: Марказий банк

Марказий банкнинг қайд этишича, баҳор - ёз мавсумларида иқтисодий фаолликнинг ўсиши ҳисобига нақд пулга талабнинг ошиши натижасида регулятор томонидан муомалага қўшимча нақд пуллар чиқаришни тақазо этган. Жумладан, Марказий банк томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида муомалага қўшимча 8 трлн сўм нақд пуллар чиқарилди ва 1 октябрь ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 20,7 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 фоиз бандга пасайди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида нақд пул муомаласи банкларга нақд пуллар тушуми манбаларида ва банклардан берилган нақд пул мақсадлари бўйича кескин таркибий ўзгаришларсиз, номинал миқдорининг ўсиши фонида шаклланди. Мазкур ҳолат муомаладаги нақд пулларнинг йил бошига нисбатан 16 фоизга ошгани ҳолда, аҳолининг даромадлари кўпайиши ва харид қобилятини ўсиши ҳисобига юзага келди, дейилади МБ шарҳида.

2024 йил январь-сентябрь ойларида умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминал тушумлари) 605 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ошди. Жумладан, умумий пул тушумларида терминал орқали тушумлар улуши 2023 йил 9 ойдаги 38 фоиздан 2024 йилнинг мос даврида 41 фоизга ўсиши кузатилди. Cавдо ва хизматлар соҳасидан терминал тушумлари салмоғи ўтган йилдаги 40 фоиздан 44 фоизга етди.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан миллий ва хорижий валютадаги депозит ҳамда кредитларнинг ўртача тортилган фоиз ставкалари бўйича инфографика тақдим этганди.

Теглар:

#Марказий_банк#шарҳ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган