Тижорат банкларига мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги талаблар белгиланмоқда

Тижорат банкларига мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги талаблар белгиланмоқда

Фото: Tiempo

“Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича қарор қабул қилинди. Бу бўйича Марказий банк шарҳ берди.

Марказий банк бошқарувининг “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарори (Адлия вазирлигида 2024 йил 11 октябрь куни 3030-9-сон билан) давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, тижорат банкларида мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш ва банкларнинг бу соҳада масъулиятини ошириш мақсадида:

  • банклар мурожаатлар билан ишлашда ўз ички тартибига эга бўлиши ва уни банкнинг веб-сайтида жойлаштириши;
  • мурожаатларни кўриб чиқиш учун алоҳида махсус тузилмавий бўлинма ташкил этилиши ва бунда ушбу таркибий бўлинма ходимлари шикоятларни батафсил ўрганиб чиқиш ҳамда истеъмолчилар билан низоларни ҳал қилишда қатор ваколатларга эга бўлиши;
  • мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ички назорат тизимини жорий қилиш ҳамда ички назоратни амалга ошириш доирасида банкнинг ички аудит хизматига вазифалар белгиланиши;
  • мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида рўйхатга олиш, қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, мурожаатларда кўтарилаётган масалалардан келиб чиққан ҳолда тизимли камчиликларни аниқлаш ва таҳлил қилиш имконини берувчи электрон ахборот тизимини жорий этиш;
  • мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига асосан маълумотномалар (шарҳлар) тузиш ҳамда ушбу маълумотномалар асосида мурожаатларда кўп маротаба кўтарилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишга доир талаб ва қоидалар ўрнатилди.
Шунингдек, банк call-марказлари банклар томонидан чиқарилган карталарнинг йўқолиши ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланишга оид сўровларни кеча-ю кундуз қабул қилишлари шарт этиб белгиланмоқда. Call-марказ операторлари сўровлар бўйича карталарни зудлик билан блоклаш учун жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, мурожаатлар банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак. Банк ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан келиб тушган мурожаат айнан ушбу ходимнинг ўзига кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин эмас.

Банкнинг мансабдор шахслари банкнинг расмий веб-сайти ва ахборот стендларида жойлаштирилган жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалига мувофиқ истеъмолчиларни шахсан қабул қилишлари шарт. Шахсий қабул масофавий тарзда (видеоконференцалоқа воситаси орқали) ҳам амалга оширилиши мумкин.

Банкка истеъмолчини, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида банкка ёки давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 2025 йил 17 январдан кучга киради. Ҳужжат билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк онлайн кредит ажратилиши бўйича вақтинчалик тартиб жорий этилаётгани бўйича шарҳ берганди.

×